“Чунки улар Худони идрок этганлари ҳолда, Уни Худо сифатида улуғламадилар ва Унга шукрона айтмадилар. Бунинг ўрнига бемаъни хаёлларга берилиб, уларнинг бефаросат диду дилига зулмат тушди. Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар. Мангу барҳаёт Худонинг улуғвор жамолини улар дунёдан ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи суратидаги бутларга алмаштирдилар” (Рим.1). Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Қадимги дунё бутларга ва ҳайкалларга қандай тўлган бўлса, замонавий дунё ҳам шунга ўхшаш қиёфаларга ва бутларга тўладир. Неча минг йиллар ўтган бўлишига қарамай, одамнинг юраги ва қалби ўзгармаган.
Қадимги яҳудийлар олтин буқага қандай сиғинган бўлса, ҳозирги замонавий инсон ҳам ҳудди шундай, у ҳам замонавий олтин буқаларга сиғинишда давом этяпти. Хўш, бу қандай олтин буқа бўлди экан, деган саволга жавоб топиш қийин эмас. Масалан, машина, ҳашаматли уй, маҳалладаги ёки қишлоқдаги қўшниларни ҳавасини келтирадиган тўйлар қилиш, қўшниникидан каттароқ телевизор, биродаримнинг телефонидан каттароқ ва қимматлироқ телефон олиш ва ҳоказолар. Ўзимиз билмаган ҳолда, мана бу нарсаларни одамнинг баҳтидан, Худонинг нажотию-иноятидан устун қўйганимизни билмай қоламиз. Ҳа, бу ачинарли. Лекин буни тан олиб, шундай қилишда давом этаётганимиз энг ачинарлисидир. Бундай нарсаларни ҳаётимизда устун қўйишимиз, бу ҳақда доим ўйлаб ғам чекишимиз, Худонинг асл кучини ва Унинг асл қудратини кучсизлантириб қўяпти.
Хўш, замонавий одамлар чиндан ҳам тепада айтиб ўтилган нарсаларга кўпроқ умид боғлаб, уларга сиғинишяптиларми? Хўп, агар кўпчилик бундай нарсаларга сиғинмасалар, ундай бўлса нима учун улар машҳур спортчилар ёки экран юлдузларига сиғиняптилар? Нима учун, биз Худонинг севгиси ёки Унинг шоҳлигини кенгайтиришга бел боғлашнинг ўрнига, телевизордаги юлдузларга ўхшашни ва уларга ҳавас қилишни кўпроқ ёқтирамиз? Аҳир, қилаётган ишимиз, бутпарастликнинг ўзгинаси эмасми? Ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактубини ўқир эканмиз, ўша даврдаги дунё одамлари, хозирги замонавий дунё одамларидан сира фарқ қилмаслигини кўриш мумкин. Б
излар ҳам, Худонинг қудратига умид қилишнинг ўрнига, бойлигимизга ёки бақуват танишимизга кўпроқ умид боғлаймиз. Ҳаворий давридаги одамлар ҳам ҳудди шундай қилишган, тирик Худога умид боғлашнинг ўрнига улар ҳайкаллар ва бошқа буюмларга умид боғлашган. Бизнинг замонавий жамиятимизни диққат билан ўрганар экансиз, унинг биринчи аср жамиятидан деярли фарқи йўқлигини кўриб, ёқангизни тишлагингиз келади. Энг ачинарлиси эса, Худонинг ҳақиқатини бутларга алмашитириш инсонни оғир руҳий қийинчиликларга олиб келади. Римликларга йўлланган мактубнинг биринчи боби, қуйидаги оят билан якунланади: “Бундай ҳаракат қилувчилар ўлимга сазовор, деган Худонинг адолатли ҳукмини улар билган ҳолда, нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки бу ишларни қилувчиларни қўллаб-қувватлайдилар.”
Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.