3:42

Ҳаворий Бартоломей 2

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ўтган сафар ҳаворий Бартоломей яъни Натаниел ҳақида бошлаган суҳбатимизни бугун охирига етказиб қўйишга ва саволларга тўлиқ жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Филип Натаниелни топиб, унга Исо Масиҳ ҳақида айтганида, у ишонқирамай, “Насро шаҳридан бирон яхшилик чиқармикан?”, деди. Унинг бу жавобидан, унинг ҳар нарсага шубҳа билан қаровчи одам эканини аллақачон билиб олгансиз. Аммо Исо Масиҳнинг жавоби уни эсанкиратиб қўйди. “Исо унга жавобан деди: — Мен сенга: “Сени анжир дарахти тагида кўрдим”, деганим учунгина ишоняпсан. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан! Сўнг яна шундай деб қўшиб қўйди: — Сизларга чинини айтайин: сизлар осмон очилганини ва Худонинг фаришталари Инсон Ўғли олдига тушиб– чиқаётганини кўрасизлар.” Шогирдлар бу ҳолатни кейинчалик, Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан кейин осмонга олинаётганида кўрганлар.

Narrator 2 Улар орасида Бартолломей ҳам бўлган бўлиши керак. Исо Масиҳни ўлиб тирилганидан кейин кўрган шогирдлар орасида у ҳам бор эди. Диний қўлёзмаларда ёзилишича, ҳаворий Бартоломей ҳам бошқа шогирдлар каби бошқа давлатларга Исо Масиҳ ҳақидаги хушҳабарни етказиш учун кетган. Аммо у бошқалардан кўра анча узоқроққа, худди ҳаворий Тўма каби Ҳиндистонга кетди. Айтишларича, у Матто хушҳабарини қўлёзма шаклида ёзиб қолдирган. У Ҳиндистондан кейин Арманистонга бориб, у ерда Яҳудо Таддеус билан учрашиб иккалалари ўша ерда Масиҳийликка асос солганлар. Бартоломей Ҳиндистонга саёҳат қилиб, унинг шимолий қисмларига хушҳабар тарқатган. Ўша ерда у Матто Хушҳабарини қолдириб, ўша пайтларда Рим ҳукмронлиги остида бўлган Арманистонга кетган. У ўша ерда жуда кўп одамларни Масиҳга келтириб, ҳатто Арманистон шоҳи Полимиусга Масиҳ ҳақидаги хушҳабарни етказган.

Narrator 1 Тарихчи Морсев Хоренатзининг ёзганларига кўра, Бартоломей Арарат тоғи региони атрофларида хушҳабар тарқатган. Ва кейинчалик эрамизнинг 68 йилларида Албакус деган жойда ўлдирилган. Маълумотларга кўра, Бартоломей Арманистонда Исо Масиҳ хушҳабарини ёяётганида ўлдирилган. Муқаддас Калом мутахасиссларининг фикрича, уни ёки хочга михлаб ёки қамчилаб, тириклайин терисини шилиб ўлдиришган. Аммо унинг қандай ўлгани ҳақида кўп нарса билмаймиз. Билганимиз ва тахмин қилганимиз у ҳам бошқа Масиҳ шогирдларига ўхшаб, бошқалар томонидан азоблаб ўлдирилган. Бундан фақат ҳаворий Юҳанногина мустасно, қўлёзмаларга кўра у қариб ўз ажали билан ўлган. Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳаммаси ҳар томонга тарқалиб, Худо хушҳабарини тарқатиш йўлида хизмат қилганини ва шу йўлда жон берганини биласиз.

Narrator 2 Улар ҳар жойга тарқалишган экан, кетишларидан олдин йиғилиб, ким қаёққа бориши ҳақида маслаҳат қилган бўлишлари керак. Уларнинг ҳаммаси ўша замонда тараққий этган давлатларнинг турли ерларига боришган. Улар номларига муносиб равишда Худонинг хизматчилари бўлиб, умриларининг охиригача шу ном остида яшаб хизмат қилганлар. Ҳаворий бу “юборилган”, деган маънони англатади. Ҳаворийлар Исо Масиҳнинг Буюк Топшириғига содиқ қолишган. Бартоломей билан Таддей ўғли Яҳудо эса Арманистонга бориб, Худо берган вазифани сидқидилдан бажарганлар. Улар ҳақида узуқ-юлуқ маълумотлардан, ҳаворийларнинг ҳар бири Масиҳга умрининг охиригача содиқ қолиб, ақл бовар қилмас азобларни бошларидан кечирганларини кўришимиз мумкин. Буларнинг ҳаммаси сиз билан бизга Масиҳ хушҳабари етиб келиши учун эди. Худо бизга бу хушҳабарни шунча қиммат тўлов эвазига етказган экан, биз ҳам шунга муносиб равишда яшашимиз керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top