Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Бизни тинглаб бораётган бўлсангиз, суҳбатларимиз давомида сизга Исо Масиҳга энг яқин ва садоқат билан хизмат қилган ҳаворийларнинг ҳаёти ҳақидаги энг сара маълумотларни эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз. Бу сафарги маълумот нишонимиз камтар Ёқуб бўлади. Ёқубнинг ҳаётидан нималарни ўрганишимиз мумкин? Ёқуб — Муқаддас Каломда “Момақалдироқ ўғиллари”, деб ном олган ака-укалардан бири эди. Аслида уни “Забадийнинг ўғли Ёқуб” дейишган. Чунки Муқаддас Каломда яна Ёқубнинг исми “Алфей ўғли Ёқуб” деб ҳам ёзилган. Ёқуб Масиҳ шогирдлари ичидан биринчи бўлиб эрамизнинг 44 йиллари атрофида ўлдирилган. У ҳам ҳаворий Бутрус каби Масиҳнинг қиёфаси ўзгарганини кўрган шогирдлардан эди. У ҳам Яирнинг қизи қандай тирилганини кўрган, Гетсемания боғида Масиҳ қўлга олинган тунда бирга бўлган кам сонли шогирдлардан бири эди.
Narrator 2 Ёқуб ҳам Бутрус каби балиқчи эди. Уларга Рим ҳукмдорлар ва Яҳудий диний уламолар паст назар билан қарашар эди. Эҳтимол жамиятнинг энг паст кўриладиган табақасидан бўлгандир. Исо Масиҳга келишларидан олдин ака-укалар ўта сержаҳл ва қўпол одамлар бўлишган. Шунинг учун ҳам уларга “Момоқалдироқ ўғиллари”, деб ном беришган. Одамлар Исо Масиҳни ва уларни рад этишганида “- Раббий агар истасанг, биз Илёс пайғамбар қилганидек, буларни гумдон қилиш учун осмондан олов тушсин деб айтайлик!”, дедилар. Шу сўзларининг ўзиёқ уларнинг қанчалик серзарда ва сержахл эканликларини кўрсатади. Ёқубдан олдин Исо Масиҳнинг бошқа шогирди Стефан тошбўрон қилиб ўлдирилган эди. Уни эса кейинроқ Хирод бошини танасидан жудо қилди. Каломда шундай ёзилган, “Ўша кунларда подшоҳ Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди.
Narrator 1 Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан чопиб ўлдирди.” Баъзилар Масиҳнинг бу шогирдини Муқаддас Каломда Ёқубнинг мактуби китобини ёзган муаллиф билан адаштирадилар. Аммо бу муаллиф Исо Масиҳ ўлиб тирилганидан кейин, имон келтирган укаси Ёқуб бўлган. Ёқуб китоби эрамизнинг 45 йиллари атрофида ёзилганида у ўша даврда ёзилган Янги Аҳд китобларининг биринчиси эди. Бу пайтга келиб Забадийнинг ўғли Ёқуб аллақачон ўлдирилган эди. Аммо Ёқубнинг укаси ҳаворий Юҳанно бешта: Юҳанно хушҳабарини, 1, 2, 3 Юҳанно мактубларини ва Ваҳий китобини ёзди. Нима учун Ёқуб ҳаворийлар орасида биринчи бўлиб ўлган? Сабабини тахмин қилишимиз мумкин. Агар Исо Масиҳ ҳақида бошқалардан кўпроқ гапирган бўлса ва жасорат билан оломон ўртасида имони ҳақида гапирган бўлса, ҳукуматдан қўрқмаган бўлса, энг кўзга кўринган ҳаворийлардан бўлиб қолган ва биринчи бўлиб уни қўлга олишган.
Narrator 2 Сўнг эса қилич билан бошини танасидан жудо қилиб, ундан кейин Бутрусни ҳам хибсга олишган. Аммо Исо Масиҳга эргашганидан кейин, Ёқуб жуда кўп ўзгарган. Бошида айтганимиздек, балиқчилар табиатан қўпол, серзарда, ўзларига қарамай юрадиган, тили бузуқ одамлар бўлишган. Аммо Исо Масиҳга имон келтиргач, У билан бирга узоқ вақт юргач, Ёқубнинг ҳаёти ҳам табиати ҳам ўзгарди. Аммо ботирлиги ва дадиллиги ўшандайлигича қолди. Эҳтимол шу сабаб у биринчи бўлиб ўлгандир?! Аммо Масиҳда у бутунлай янги ижод бўлган. Биз ҳаворийларнинг ҳаёти ҳақида ўрганиш жараёнида Худо уларни қандай ўзгартиргани ҳақидаги ҳақиқатларни билиб олишимиз ва шу билан ўзимизга катта сабоқ олишимиз мумкин. Бугун Ёқуб Осмон Шоҳлигида бошқа ўн икки ҳаворий билан бирга Исроилнинг 12 қабиласини бошқараяпти.