Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон тингловчи. Ҳар бир жамиятда турфа тоифалар мавжуд. Бу ўз-ўзидан тушунарли — Яратган Зот ҳаммани турлича яратган. Дунё — ранг-баранг. Мазкур мақола доирасида биз икки тоифа тўғрисида сўз юритамиз. Бир тоифа кишилар бор — улар жамиятнинг аксар қисмини ташкил қилади — жамиятда юз бераётган жараёнлар билан унчалик ишлари бўлмайди. Қулай иш жойи, яхши маош, кўп тергамайдиган раҳбар, ҳовли-жой, бола-чақа ташвишлари — мазкур тоифанинг уринишлари, интилишлари ва қизиқишлари доирасини ташкил этади. Ўзлари яшаётган жамиятнинг ҳаёти, муаммолари, мазкур жамиятнинг биноси қандай қурилгани, уни ислоҳ қилиш масалалари — булар ҳақида бу тоифа кишилар ўзларини, ақл ва қалбларини кўп уринтирмайдилар. Ўзларини атроф-воқеликда бўлаётган ишлар учун масъул, деб билмайдилар.
Narrator 2 Табиийки, мазкур дунёқараш бу тоифанинг жамиятда тутган ўрнини ва умуман яратувчанлик иқтидорини мувофиқ равишда белгилайди — жамиятда юз берадиган ҳеч бир ислоҳот уларнинг фаол иштироки билан кўп ҳам озуқаланмайди. Аксинча, ислоҳот эҳтиёжи ўзи айнан шу тоифанинг бефарқлигидан пайдо бўлади, чунки маълумки, бефарқлик муаммоларнинг келиб чиқиш сабабидир. Шу билан бирга, ҳар бир жамиятда озчиликни ташкил этадиган бошқа бир тоифа бўлади. Бу тоифа биринчи тоифадан фарқли равишда, оддий тирикчилик ташвишлари билан чеклана олмайди — буни уларнинг табиати кўтармайди. Лўнда қилиб таърифласак, бу кишилар янги фикр ва ғоялар генераторидир. Инсоният пайдо бўлгандан буён мазкур ноёб тоифа тамаддунни олдинга силжитиб келган. Барча ихтиролар, янги фикрий йўналишлар, илм-фан ривожи, шу гуруҳнинг «тинч ўтириш»ни истамаслиги эвазигадир.
Narrator 1 Жамият ичида бўлаётган жараёнлар, ўзи яшаб турган шаҳри муаммоларидан тортиб дунёда бўлаётган ҳодисотлар — булар ҳақида бу кишилар ростакамига жон куйдиришади ва ҳар қандай ислоҳотларда бевосита иштирок этишга уринишади. Аммо бу ерда бир «аммо» бор! Мазкур тоифа ўта мўрт бўлади. Бу хилдаги инсонлар фақат ва фақат ҳурфикрлик, кенгфикрлик, ошкоралик шароитидагина ўзларини яхши ҳис қилишади. Фикр чекланадиган муҳитда эса ички иқтидорлари рўёбга чиқмагани сабабидан ўзларини ёмон ҳис қилишади. Тор доирадаги ташвишу қизиқишлар билан умр кечиришга рози бўлмагани боис улар ё маънан «сўниб» қолишади ва ёки бошқа, фикр чекланмайдиган жойларга кетиб қолишади. Бир неча йил аввал Италиянинг ўша пайтдаги раҳбари Сильвио Берлускони ва Россия Федерациясининг ўша пайтдаги президенти Дмитрий Медведев ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Narrator 2 Суҳбат давомида Медведев мамлакатнинг ерости бойликлари бошқа мамлакатларнинг у билан ҳисоблашишларини тақозо этаётганини эътироф этди. Бунга жавобан Италия бош вазири табассум ила шундай деди: «Италияда табиий бойликлар деярли йўқ, аммо 5 миллион креатив фикрлайдиган тадбиркорлар бор ва бу бизнинг бойлигимиз». Чинданам у тилга олган бойлик Италия ва бошқа бу каби давлатларнинг ҳақиқий бойлиги бўлиб, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳамда у ердаги аҳоли ҳаёт даражаси бунга яққол далилдир. Энг муҳими — бу бойлик бир кун келиб тугайдиган нефть ва газ кўринишида эмас, балки тирик, ижодкор, ҳур инсонлар кўринишида. Берлускони ҳақ эди ўшанда. Чиндан ҳам ер ости бойликлари бир куни келиб тугайди, аммо ижодий фикрлайдиган одамларнинг ғайрати ва ғоялари ҳеч қачон тугамайди.