MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Яна сиз азизлар учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Ҳурматли биродарлар, инсоннинг организмида юракнинг ўрни жуда муҳимдир. Агар врачлар инсон танасидаги айрим органларни олиб ташласа ҳам, маълум вақтгача инсон яшай олади.

Ҳар қандай врачлар билан гаплашсангиз, аввало инсон ўз юрагини эҳтиётлашини айтади. Лекин юраксиз яшаш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам юрак инсонга энг керакли орган ҳисобланади. Яна шуни яхши англаб олишимиз керакки, инсоннинг тилини юрак бошқарар экан.

Тил — бор-йўғи инсоннинг юрагидаги бор бўлган яхши ва ёмон нарсаларни гап билан ифодалаб беради. Биз гапирадиган гаплар олдиндан юрагимизда ва онгимизда пайдо бўлади ва тил орқали ташқарига чиқади. Шунинг учун ҳам тил муаммоси юрак муаммоси билан чамбарчас боғлиқдир.

Аслида юракнинг размери ҳар бир инсоннинг ўз муштидек бўлади. Лекин шундай кичиклигига қарамай, жуда кўп яхши ва ёмон фикрларни ўзига сиғдира олади. Раббимиз Исо Масиҳ Лука Хушхабар китобининг 6 боби 45 оятида шундай деб айтади:

“Яхши одам ўзининг яхши қалб хазинасидан яхшилик чиқарур. Ёмон одам ўзининг ёмон қалб хазинасидан ёмонлик чиқарур. Одамнинг дили нимага тўлиб-тошса, тили ўшани гапирур”. Раббимиз ушбу гапларни гапиришидан кўп йиллар аввал Шоҳ Сулаймон ҳам худди шунга ўхшаш гапни гапирган эди.

“Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир.” Хикматлар китоби 4 боб 23 оят. Агар ҳар бир инсоннинг онги ва юраги ҳаворий Павлус айтган нарсаларга тўла бўлганида эди, менимча ҳеч қандай муаммога ўрин бўлмас эди.

Чунки дунёда барча инсонлар фақат яхшилик қилиш ва бир-бирига кўмаклашиш дарди билан яшар эдилар-да. Бизнинг бошқалар билан бўладиган муносабатимизда тилимиз ва юрагимизнинг ўрни жуда каттадир. Азиз биродар, балки яқин орада кимнидир хафа қилгандирсиз.

Бир бошидан эслашга уриниб кўринг. Асосан биров билан бориб гаплашишдан аввал инсон бир оз олдиндан тайёрланади. Демак, бу дегани ўз юрагидаги бор бўлган сўзларини отишга тайёрлади деганидир. Масалани хал қилиш пайти эса олдиндан тайёрланган гаплар тил орқали биродарга қарата отилади.

Бу гаплар биродарни қаттиқ яралаши ҳам мумкин. Шунинг учун ҳам юрагимиздан чиқаётган ёмон сўзларни ўққа ўхшатишимиз мумкин. Ҳурматли биродарлар, Худованддан юрагимизни тўлиқ тозалашини ва унда яшириниб ётган нафрат, хасад, ғазаб ўрнини, севги-муҳаббатга алмаштиришини сўрайлик.

Азиз биродарлар, шунинг билан бугунги мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top