3:15

Худонинг чақириғи

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли биродарлар. Сиз азизлар билан яна учрашиб турганимиздан Худовандимизга шукуроналар айтамиз. Ҳар бир масиҳий киши, агар шундай инъом бўлса, Хушхабар айтиши ва муҳтожларга Худонинг сўзини етқазиши шарт.

Биз масиҳийларда ҳали ҳаёт нафаси бор экан, Худованд учун хизмат қилишимизга ҳеч нарса қаршилик қилмаслиги керак. Ваҳий китобининг 22 боби 17 оятида шундай сўзларни ўқишимиз мумкин: “Руҳ ҳам, Келин ҳам: “Кел!” – деб чорлаяпти. Эшитган киши ҳам: “Кел!” — десин.

Чанқаган келсин, хоҳлаган ҳаёт сувидан текин баҳра олсин”. Хушхабарни тарқатиш — бу бизнинг обру-эътибор топишимиз учун эмас, аксинча Худованд учун қилинадиган хизматдир. Қилган хизматимиздан эса Худованд улуғланиши ва хурсанд бўлиши керак.

Албатта, бундай хизматга фақатгина эркак кишилар эмас, балки аёллар ҳам чақирилгандир. Албатта, ҳар бир чақирилган киши Худованд учун қилаётган хизматини нолимасдан ва ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан амалга оширсалар, янада кўпроқ кишилар нажотга эришадилар, деб айтишимиз мумкин.

Қачонки қилаётган хизматимиздан кўнглимиз тўлса ва хурсандчилик билан уни амалга оширсак, ишимиз баракали ва оладиган ҳосилимиз мўл бўлади. Кимдир жамоатда чўпонлик қилса, яна кимдир болалар учун хизмат қилиши мумкин. Энг муҳими, қилаётган хизматимизни айнан Худованд томонидан берилганига ўзимиз амин бўлишимиз керак.

Мен ҳаётдан бир мисол келтириб айтишим мумкин. Бир куни хизматчиларни тайёрлаш учун беш кунлик семинар ташкиллаштирилди. Семинарда тахминан ўнга яқин киши иштирок этарди. Шунда кўзим учта синглимизга тушиб қолди. Уларнинг ўтиришидан ушбу семинар ёқмаётганлиги кўриниб турганди.

Танаффус пайтида мен улар билан суҳбатлашганимда, шу нарса маълум бўлдики, бу сингилларимиз ушбу семинарга чўпоннинг қистови остида мажбуран жўнатилган экан. Аслида уларга айнан шу йўналишдаги хизмат ёқмаслиги маълум бўлди.

Шунда мен уларга бемалол уйларига қайтиб кетишларига рухсат бердим. Чўпон уларга ҳеч қандай жазо қўлламаслиги ҳақида мен ваъда бердим. Ҳозирги кунда ўша сингилларимиз бошқа йўналишда ажойиб хизмат қилиб, Худога ҳосил келтиришмоқда.

Бу билан айтмоқчимизки, азизлар, хизмат бошлашдан олдин ибодат қилиб, Худодан аниқ кўрсатма олсак яхши бўлар эди. Инсонавий куч билан бошланган хизмат, албатта, ярим йўлда тўхтаб қолиши мумкин. Бу эса инсоннинг руҳан чўкишига ва бўлди, мен хизматчи бўлолмайман, деб ўйлашига олиб келиши мумкин. Ҳурматли биродарлар, сиз Худо учун қандай хизмат қиляпсиз? Бизга шу ҳақида ёзиб юборишингиз мумкин. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна мавзуларимиз орқали учрашгунча хайр, соғ-омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top