2:57

Уй гуруҳлари 01

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли дўстлар. Уй жамоатлари ҳақидаги эшиттиришларимиздан яна бирини тингланг. Азизлар, сизлар билан учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, келинг бугун “кичик уй жамоатлари нима ўзи?” деган савол устида бироз бош қотирсак.

Кичик уй гуруҳларига асосланган жамоатлар ҳақида ўрганмоқчи бўлсак, аввало Худованднинг жамоатлари ҳақида аниқ бир тасаввурга эга бўлишимиз зарур. Азизлар, сиз қатнаётган кичик уй жамоатлари ҳам, сиз бошқараётган кичик уй гуруҳлари ҳам Худованднинг жамоатларидир.

Ҳурматли етакчилар, асло бу менинг жамоатим ёки мен бу жамоатни ташкил этганман, деб гапирманг, барчаси Худонинг сиз орқали амалга оширган ишларидир. Агар Худованд истаса, хоҳлаган жамоатларини бошқа бир инсон орқали ҳам бошқариши мумкин.

Агарда ушбу уй гуруҳига асосланган кичик жамоатларнинг таълимоти нотўғри бўлса, Худо бундай жамоатларни тарқатиб юбориши ёки Ўзи хоҳлаган ишини қилиши мумкин. Ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг: бу буюк ва қудратли Худодир. “Бир баданда кўп узув бор. Баданнинг узувлари кўп бўлсада, улар бир баданни ташкил этади. Масиҳ жамоати ҳам худди шундайдир”.

Ҳурматли биродарлар, демак, жамоатлар бир бадан экан. Жамоат аъзолари ҳам унинг узувларидир. Бу дегани, кимдир қўли бўлса, яна бошқаси оёқдир. Тасаввур қилинг, агарда бирон жойингизни кесиб олсангиз, бутун танангиз билан ушбу оғриқни ҳис этасиз.

Демак, кичик уй жамоатларидаги биродарлар ҳам шунчалик бир-бирига яқинки, улар бир оиладек, ака-ўкадек бўлиб кетишлари керак. Жамоатдаги турли хил ортиқча гап-сўзлар ва хафачиликлар эса шайтоннинг ёвуз ниятидир. У оёқни қўлдан, қўлни эса оёқдан ажратиб ташлашни истайди. Қўли ёки оёғи йўқ инсон эса албатта тўла қонли ҳаракатда бўлиши анча мушкулдир.

Биз юқорида айтиб ўтганимиздек, жамоат бу — Худонинг халқидир. 1 Бутрус китобининг 2 боби 9 оятни биргаликда ўқиб кўрамиз: “Аммо сизлар — танланган бир авлод, Шоҳаншоҳ руҳонийлари, муқаддас халқ, Худонинг азиз қавмисизлар. Худо сизларни қоронғуликдан Ўзининг ажойиб нурига даъват этган, сизлар Унинг фазл-камолотидан хабар бериш учун танлангансизлар”. Жамоат бу — бирлашган биродарлардир.

Азиз биродарлар, бир-бирингиздан ҳеч қачон узоқлашманг. Доимо бир-биримиз учун ибодатда бўлайлик. Шунда Худованднинг марҳамати ва мукофоти ҳар биримизнинг устимизда бўлади. Шунинг билан азизлар, бугунги мавзуимиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top