Ассалому алайкум ҳурматли ва азиз биродарлар. Сиз азизлар билан яна учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азиз биродарлар, Худонинг севгисисиз, Унинг меҳрибонлигисиз ва марҳаматисиз дунёда Хушхабар бўлиши мумкин эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.
Мана шу севги Худонинг ягона Ўғлини Раббимиз Исо Масиҳни ер юзига келишига сабаб бўлди. Шу орқали Исо Масиҳ бизни Қутқарувчимизга айланди. Бундан ташқари, шу севги Раббимизни Гўлготага хочдаги ўлимга боришига сабаб бўлди.
Шу севги, ҳали биз Худо ҳақида тушунчага эга бўлмаганимизда ҳам Худо томонидан севилишимизга сабаб бўлди.1 Юҳанно китобининг 4 боби 19 оятида шундай ёзилган: “Биз Уни севайлик, чунки аввал У бизни севди”. Азизлар, Худонинг севгисини биз яна нимада кўришимиз мумкин?
Албатта, У Ўзи яратганлари ҳақида қилаётган ғамхўрлигида яққол кўришимиз мумкин. Масалан, инсонларнинг нажотга эга бўлиши учун У Ўзининг ягона Ўғли Раббимиз Исони бизларнинг гуноҳларимиз учун ўлимга боришига йўл қўйди. Бу жуда буюк севгидир.
Балки бундай севги бир қарашда кимгадир унчалик тушунарли бўлмаса керак. Лекин Худо айнан инсонларнинг нажот олиши учун Ўз Ўғлини ўлимга юбориши дунёдаги ҳар қандай севгидан устундир.
Биз буни яна инсонлар учун Худо томонидан берилган марҳамат, деб айтишимиз ҳам мумкин. Инсондаги севги Худонинг севгисидан анча фарқ қилади. Инсонавий севги қачонлардир сўниши мумкин. Лекин Худонинг инсонларга бўлган севгиси абадийдир.
Худо ҳатто гуноҳкор инсонларни ҳам севади, шунинг учун ҳам гуноҳкорларни ўз гуноҳлари учун тавба қилиб, Худонинг ҳузурига келишларини жужа-жуда истайди. Яқинда бир ота ўз фарзанди ҳақида куйиниб гапирганининг гувоҳи бўлдим. Ота ўзининг фарзандини қулоқсизликда ва ҳар хил ножўя ишларда айбларди.
Лекин гапининг охирида нима қилай, минг қилса ҳам у менинг ўғлим, у ёмон бўлса ҳам барибир уни яхши кўраман, деб айтган гаплари мени ҳайрон қолдирди. Худованд ҳам худди шундай бизларни гуноҳкорлигимизга қарамай барибир севади.
Чунки биз ҳар биримиз Худо томонидан яратилган инсонлармиз, Худонинг фарзандларимиз. Худованд биздан хоҳлайдиган ягона истаги — ўз гуноҳларимизни тан олиб, Унинг олдида барча гуноҳларимиз учун кечирим сўрашдир. Шундагина биз жаннатда Худонинг ҳузурида У билан бирга бўлоламиз.
У эса инсонлардаги ҳар қандай гуноҳларни ҳам кечиришга тайёр. Шунинг билан азиз биродарлар, бугунги мавзумиз шу ерда ўз поёнига етди. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна дастурларимиз орқали учрашгунча хайр саломат бўлинг.