Ассалому алайкум ҳурматли мухлислар. Сизлар билан яна учрашганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, сиз билан мен яшаб турган дунёда доимо Худованднинг фарзандларига турли ҳужумлар бўлиб туриши аниқ.
Эгамиз Худонинг мақсадларини ҳам амалга ошишига йўл қўймаслик учун ёвузлик ва зулмат кучлари бошқа кўплаб усулларни ишга солиши мумкин. Аммо тўсқинлик иблисданми йўқми, деб ҳар доим ҳам кавлаштириб ўтиришнинг кераги йўқ.
Бу йўл кўп ҳолларда яхшиликка олиб келмайди. Бундай шубҳа-гумонли ташвишланишлар охир-оқибатда миянгизни бемаъни ўй-фикрларга тўлдириб ташлайди.
Ҳаворий Павлус руҳий душманларимизга қарши мустаҳкам тура олишимиз учун бизга энг яхши ҳимоя усулини кўрсатган. У бизни Эфесликларга мактубининг 6 боби 11оятида “Худо берган барча қурол-аслаҳалар билан қуролланишга” чақиради.
Худонинг бундай қудратли қуролини олиб юришни ва ундан фойдаланишни ўрганган имонли, иблиснинг бузуқ режаларига қарши кураша олади ва жангдан кейин ҳам йиқилмасдан, ҳолсизланмасдан, мустаҳкам тура олади.
Худо еру осмонни яратгунга қадар, барча руҳларни яратган. Худонинг Ўзи муқаддас ва пок бўлганлиги учун руҳларни ҳам Ўзининг суръатига ўхшаш муқаддас ва бегуноҳ қилиб яратди. Улар сон-саноқсиз бўлган.
Худо бу руҳларни Ўзига хизмат қилишлари, буюрган топшириқни бажаришлари ва Унга таъзимда бўлишлари учун яратганди. Руҳларнинг бири бошқаларига қараганда жуда ҳам чиройли, кучли ва доно эди.
Худо уни Ўзининг самодаги муқаддас тахтини қўриқлаш учун яратганди. Бироқ, бу руҳ Худога ҳасад қилиб, Унга ўхшашни хоҳлаб қолади. У ҳатто Худонинг ўрнини эгаллашни ҳам истаб қолади. Худо бу руҳга ато қилган пок юрак эса ҳасад ва бузуқликка тўлиб-тошади.
Охир-оқибатда бу гуноҳкор руҳ шармандаларча самодан ҳайдалади. Ҳозирги кунда у абадий жазони кутаяпти.Унга қўшилиб исён кўтарган бошқа руҳлар ҳам Раббимизнинг ғазабига дучор бўлиб, ҳукм кунини кутишмоқда.
Бир пайтлар бу қудратли руҳ ўзининг кўркамлиги туфайли “Люцифер”, яъни Нурли фаришта деб аталган. Ҳозир эса биз уни иблис ёки шайтон, бошқача айтадиган бўлсак “айбловчи” номи билан биламиз.
Иблис Худонинг эзгу мақсадларини йўққа чиқариш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Аммо ҳар қанча уринмасин, иблис Худо унга йўл қўйганидан ортиқ ҳеч нарсани амалга ошира олмайди. Иблисга ўхшаган бошқа ёвуз руҳлар ҳам одамларга зиён етказишга ҳаракат қилишади.
Бироқ Эгамиз Худо ҳаммадан қудратлироқ, шунинг учун ҳам У ҳар қандай ёвуз руҳлар устидан ҳокимдир. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз поёнига етди. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.