Ассалому алайкум азиз мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна соғ- омонликда учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Ҳурматли тингловчи, мавзумиз бошида сизларга бир савол билан мурожаат қилишга ижозат берсангиз.
Азизлар, қандай ўйлайсиз, гуноҳ билан азоб чекиш ўртасида қандайдир боғлиқлик борми? Албатта шу мавзуда гап кетадиган бўлса, кўпчилик Аюб билан бўлган воқеани эслаши аниқ. Албатта Аюб билан бўлиб ўтган воқеа, азоб чекишнинг бир намунасидир.
Албатта, у билан бўлиб ўтган воқеа ҳозирги кунда ким биландир содир бўлса, ўйлайманки, шу инсон ҳақидаги воқеа тез орада бутун дунёдаги имонлиларнинг қулоғига етиб боради ва турли бахс мунозараларга сабаб бўлади. Аюб билан ҳам худди шундай бўлди.
Лекин у сабр-тоқат билан барчасини ўз бошидан кечирди. Аюб орқали биз масиҳийлар кўпгина ҳақиқатларни ўрганишимиз аниқ. Аюбнинг бошига оғир кунлар тушганида, уни йўлдан оздирадиган, Худодан воз кечишга ундайдиган ёру- дўстлари кўпайиб кетди.
Лекин бизга маълумки, Аюб барчасига чидам-бардош билан Худога содиқ қолган равишда ўз бошидан ўтқазди. Нима учун Аюбнинг дўстлари, унинг бошига тушган кулфатларда Аюбнинг гуноҳи бор деб ўйлашган эди? Улар азоб чекиш ва гуноҳни бир кўз билан кўришаётган эди.
Демак, Аюб кўп азоб чекаётган бўлса, кўп гуноҳ қилган. Бу Аюбнинг дўстларини фикри эди. Албатта ҳозир ҳам шундай ўйлайдиган биродарларимиз йўқ эмас. Агар кимдир азоб чекаётган бўлса, бу унинг гуноҳ қилганлигидан дарак эмаску.
Шахсан мен билан ҳам худди шундай бўлган, студентлик пайтимда, бир аёл биродаримиз билан бирга хизмат қилар эдик. Бир куни шамоллаб қолдим, ва иссиғим чиқди, шунда аёл биродаримиз: “Сан қандайдир гуноҳ қилгансан, тавба қилишинг керак, шунда Худо сани шифолайди,” — деб айтар эди.
Бундай айблашларни бир марта эмас, тез-тез эшитиб турардим шу биродаримиздан. Шундай қилиб азизлар, азоб чекаётган ҳар бир биродар гуноҳ қилган деб айтишга шошилмайлик. Балки Худованд унга ҳам Аюб каби Ўзининг синовларини юборгандир.
Балки шу биродаримиз энди катта марҳаматга эга бўлар. Нима бўлганда ҳам бошқаларни айблашга шошилманг. Кимнидир айблаш учун аввало исбот бўлиши керак. Инсон касал бўлса, у гуноҳ қилди дегани эмаску: қандай гуноҳ қилди, қачон ва қаерда? Мана шу исботлар бор бўлсагина шу биродар билан гаплашса бўлади.
Албатта Муқаддас Китобда бу ҳақида батафсил ёзилган. Шунинг билан азиз биродарлар, мавзумиз ўз поёнига етди, бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Хайр саломат бўлинг.