Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.
Кўмир конида ишлайдиганлар, бу конларнинг эгалари кондаги иш яхши юришини ва мўмай даромад топишни истасалар, албатта, сотиш санъатини ўрганишлари керак бўлади. Янги бозорлар топиб, у ерларда ишлари авж олишини хоҳловчи тижоратчилар, ҳатто кўпроқ юк ва йўловчи ташиш учун киракаш ҳайдовчилар ҳам бу санъатни ўзлаштиришлари зарур.
Савдо-сотиқ билан шуғулланадиган барча кишилар ривожданиш ва фойдаларини орттириш учун бу санъатни яхши ўқишлари ва ўрганишлари даркор. Сиз ҳеч қачон сотишни ўз-ўзидан, осонликча содир бўладиган нарса сифатида ҳис қилманг.
Баъзи дўкондорлар: «Ишимиз ўзи юришаверади», дея газета ўқиб ўтирадилар ва дўконнинг ичида нари бориб келиб юраверадилар. Адашяпсиз, жаноблар! Тўғри, ризқни Аллоҳ беради, аммо бу, ҳаракат қилмаса ҳам бўлаверади, дегани эмас. «Сендан ҳаракат, мендан баракат», деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Маълумки, сотиш сотувчи билан амалга ошади. Бу — сотувчининг пешона тери билан яратадиган санъати. Яхши сотувчи бўлишни истасангиз: Сотадиган нарсангизни яхши билишингиз керак; Одамларни, харидорларни таний олишингиз зарур; Ўринли гапира олишингиз даркор; Харидорларга ҳурмат кўрсатишингиз лозим; Хушмуомала бўлишингиз талаб этилади; Ва ниҳоят, мижозни молингизни сотиб олишга «мажбурлашингиз» даркор.
Агар бу сўнгги шартни ҳам бажара олсангиз, Сиз «энг етук сотувчи» даражасига эришган бўласиз. Кўп гапириш, эзмалик қилиш билан харидорни овлаб бўлмайди. Аксинча, харидорлар сизнинг эзмалигингиздан қочадилар ва қайтиб дўконингизга кирмасликка ҳаракат қиладилар. Мол ҳақида ёлғон гапириш, кўзбўямачилик қилиш савдо илмига зид. Бир вақтлар тижорий ва иқтисодий жиҳатдан орқада қолган мамлакатлардаги савдогарлар ёлғончилик ва кўзбўямачилик билан дўстлик ришталарини боғлашган эди. Бироқ бу хилдаги ёмон дўстлик аллақачон барҳам топган. Зеро, маданиятли давлатларда савдо-сотиқ учун мижозни алдашга, қаллобликка ҳожат йўқ. Савдо-сотиқ қилиш мижозни лақиллатиб, унга зарар бериш дегани эмас, аксинча, унга фойдали хизмат кўрсатишдир.
Сотиш илмининг биринчи ва энг муҳим қоидаси қуйидагача: «Сотувчи мижозни ширин сўзи, очиқ чеҳраси, тез фаҳмлаши, назокати, ақли ва мантиғи билан молини сотиб олишга мажбур қилсин». Шу тариқа, ҳам ўз дўконининг, ҳам харидорнинг манфаатига мос иш қилган бўлади. Қўполлик, қаллоблик, ёлғончилик сотиш илмида бўлмаган, ҳазар қилинган ишлардир. Лозим бўлмаган мол ҳақида кераксиз ва маъ- носиз сўзлар билан харидор бошини қотириш, эҳтиёжи бўлмаган молни олишга зўрлаш сотиш санъатими? Минг Марталаб йўқ! Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.