3:34

Харидор бир-биридан кескин фарқ қилади

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир. Сотиш илмининг биринчи ва энг муҳим қоидаси қуйидагача: «Сотувчи мижозни ширин сўзи, очиқ чеҳраси, тез фаҳмлаши, назокати, ақли ва мантиғи билан молини сотиб олишга мажбур қилсин». Шу тариқа, ҳам ўз дўконининг, ҳам харидорнинг манфаатига мос иш қилган бўлади. Қўполлик, қаллоблик, ёлғончилик сотиш илмида бўлмаган, ҳазар қилинган ишлардир. Лозим бўлмаган мол ҳақида кераксиз ва маъ- носиз сўзлар билан харидор бошини қотириш, эҳтиёжи бўлмаган молни олишга зўрлаш сотиш санъатими? Минг Марталаб йўқ!

Сотиш санъати умуман бундай эмас. Бу бир одамга пичоқ ўқталиб, чўнтагидан пулларини тортиб олиш, қароқчиликдир. Ҳақиқий савдо бундай бўлмайди.

Айримлар бор, тижоратда ёлғон-яшиқ билан муваффақиятга эришишни, ишлари бароридан келишини хаёл қилишади. Бундай ўйлайдиганлар фақат ўзларини алдашади. Гарчи тижорат соҳасида қаллоблик пиллапоялари билан юксалганлар бўлса-да, улар тезда дами чиқиб ёки ёрилиб кетадиган пуфакка ўхшайдилар. Ёлғончининг шами оқшомгача ёниб тугаганидек, уларнинг ҳам умрлари қисқа.

Сотиш санъати қўполлик, зўравонлик эмас. Аксинча, у киши тарбиясини, заковатини бор бўйи билан намоён этадиган соҳадир.

Юқорида айтиб ўтганларимизнинг тескарисини қилган киши тузмилтиқ билан шер овлагани чиққан овчига ўхшайди. Ҳолбуки, тузмилтиқ билан шерни ўлдириб бўлмайди. Ёлғончи Савдогар ҳам ана шу овчига ўхшайди. Бир гуруҳ тижорат ахди харидорларга молини америкача усулда сотаман, деб янглиш қадам ташлайди. Зеро, бу усул фақат америкалик харидорларга қўлланади. Чунки харидорларнинг ҳаммаси америкалик эмас. Ҳар бир юртнинг одамлари ўзига хос тушунча ва дунёқарашга эга бўлгани учун уларга ўзлари тушунадиган тил ва услуб воситасида мол сотишингиз мумкин. Мисол учун, америкалик ва англиялик харидор бир-биридан кескин фарқ қилади. Англияликка мол сотиш қанчалик қийин бўлса, америкаликка сотиш ундан ўн чандон қийин. Чунки англиялик харидорни асло алдай олмайсиз. Энг кучли фикрларни олдига ташласангиз ҳам, у лаққа тушмайди. Қанча кўп гапирсангиз, молингизнинг сотилиш эҳтимоли шунчалик озаяди.

Мен ҳам ҳар бир харидор каби ўзим истаган барча нарсани сотиб олиш учун ўзим бир қарорга келишим лозим. Чунки бу менинг ишим. Нега бошқалар аралашиши керак? Менга «оласан» дейишмасин. Ўзим «оламан» дейишим керак. Чунки кўп гапирган сотувчилардан безиллайман ва у ердан тез чиқиб кетишга ҳаракат қиламан. Шунинг учун қўйинг, харидор ўзи бемалол ўйлаб, ўзи учун мақбул қарорга келсин.

Харидор ташқарида бегона, дўконимизга киргач эса дўстимиз бўлиши ва унга дўстона, самимий муносабатда бўлишимиз даркор. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top