3:33

Яхши лойиҳа — Савдо пойдевори

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир. Харидорлар сергап сотувчиларни умуман хуш кўришмайди. Ақлли сотувчи кўп гапирмайди. Ўзи гапирадиган гапни молига «гапиртиради». Ҳа, молингизни сотмоқчи бўлсангиз, қўйиб беринг, молнинг ўзи «гапирсин». Бутун гўзалликлари-ю афзал жиҳатларини харидорнинг кўз ўнгида намоён этиш орқали молни «гапиртиринг». Ярим соат бекорга гапиргандан кўра, молингизнинг бор хусусиятини қисқа фурсатда кўрсата олишингиз, харидорни сотиб олишга тезроқ кўндиради. Бунда, энг аввало, харидорнинг кўзига хитоб қилинг.

Шохлари ва илдизлари кўп бўлган дарахт каби сотиш санъатининг бир қанча томонлари бор. Бу томонларнинг нозарур кўринганлари ҳам аслида катта аҳамиятга эга. Булар санаб адоғига етиладиган нарсалар эмас. Сотиш кишининг ўзига хос барча жиҳатларини ва қудратини намойиш этадиган санъатдир. Сотувчиликда яхши натижаларга эришиш муваффақиятининг сирларини билишимиз, ақлимизни чиройли шаклда ишлатишимиз шарт. Яхши сотувчи бошқаларга таъсирини кўрсата оладиган, уларга, таъбир жоиз бўлса, ўз ҳукмини ўтказа оладиган кишидир.

Яхши сотувчи бўлиш учун ширин тилингиз, назокатингиз, нозик фаҳмингиз билан харидорга таъсир ўтказингки, улар дўстлигингиз ва самимиятингизни ҳис этсин. Асло мажбурламанг, қўйинг, харидор сотиб олиш қарорини ўзи қабул қилсин.

Бу ўринда сизнинг ишингиз унинг кўнглини молингизга қаратишдир. Чунки сотиш санъати алдамасдан, тўғрилик, хушмуомала билан молингизни сотиб олишга кўндиришдир. Сотадиган ҳар бир нарсангизни ёзиб-чизишга ва ҳисоб-китоб қилишга мажбурсиз. Акс ҳолда омадсизлик ошнангиз, муваффақият эса душманингиз бўлади. Сизга бир савол: айтайлик, уй қурдирмоқчисиз, биринчи бўлиб нима керак бўлади? Ғиштми? Черепицами? Цементми? Балки уйнинг лойиҳасидир? Уй қуриш ва қурдириш бу санъат, билим. Ҳар бир билимнинг татбиқ этилиши учун эса режа ва лойиҳа керак бўлади. Шундай бўлгач, санъатнинг бир тури бўлмиш савдо ишини ҳам биринчи навбатда режа билан бошлаганимиз маъқул.

Ижарага дўкон олиб, ичини мол билан лиқ тўлдириб қўйиб тижоратчиман, деб юрганларнинг ҳолига вой! Агар киши ҳақиқий савдогар бўлишни истаса, биринчи навбатда сотиш ишларини тўғри йўлга қўйиши, фикрлаши ва режали иш қилиши керак бўлади. Уй қурмоқчи бўлсангиз, деворларини тиклашда биринчи навбатда нима керак бўлади? Пишиқ ғишт ва яхши цемент, шундай эмасми? Мустаҳкам девор барпо қилиш учун, албатга, мазкур ашёлардан фойдаланиш керак. Бу мисолни савдо дўконига нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Яъни, дўкон деворлари мижозлар, уларга қиладиган хизматларингиз эса цемент кабидир. Демак, қуйидагича хулоса чиқарадиган бўлсак, унда мижозларга қанчалик яхши ва ўз ўрнида хизмат кўрсатсангйз, шунчалик мустаҳкам девор кўтарган бўласиз. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top