Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.
Худди кема капитани денгизлар, тўлқинлар, портлар ва қояларни билишга мажбур бўлгани каби, сотувчи ҳам одамлар, моллар ва сотиш санъати қоидаларини билиши шарт. Аммо кемачилик билан сотувчилик орасида фарқ бор. Ўрмон қоровули кемага капитан бўла олмайди, капитанликнинг ўзига яраша қонун-қоидалари бунга тўсқинлик қилади. Кемага капитан бўлиш маълум шартларни юзага келтиришни тақозо этади. Шу билан бирга, ўрмон қоровули яхшигина сотувчи бўлиши мумкин.
Бунга ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Қисқаси, кемани бошқарадиганлар дўкон бошқарувчиларидан лаёқатлироқдирлар. Бу илм бошқа илмлар билан бир мақомда бўлиши керак. Келгусида ишингизни тўхтатиб қўйиши мумкин бўладиган даражадаги можароларга, инқирозларга қарши турмоқчи экансиз, дўконингизни обдон кўздан кечиринг. Сотувчиларингиздан қайси бири мижозларни йўқотяпти? Бу саволнинг жавобини топганингиздан кейин бундай сотувчиларни ё ишдан бўшатасиз, ёки уларга мижозни йўқотмаслик қоидаларини ўргатасиз. Бинобарин, ўргатиш уларни ишдан бўшатишдан кўра фойдалироқ ва яхширокдир. Бунга боғлиқ бир мисолни қелтириб ўтаман: Иши орқага кетган катта дўконлардан бирининг эгаси бу борадаги фикримни сўраганида, дарҳол сабабини топдим. Қандай қилиб дейсизми? Дўконга харидор сифатида кирдим. Бутун сотиш бўлимларида икки соатта яқин айланиб юрдим ҳамки, иккита сотувчидан бошқа ҳеч кимнинг мен билан иши бўлмади. Нима кераклигини сўрашмади ҳам. Англадимки, булар кибрли ва танбал сотувчилар экан. Бу улкан дўконда юзларча сотувчи бўлгани билан уларнинг биронтаси ҳам келган харидорга қарамасди.
Ҳатто харидорлардан бирининг: «Ҳой, менга бирор киши қараб юборсин», деб турганини ҳам кўрдим. Худди сотувчилар ишдан чарчаган ёки харидорлардан безор бўлгандек. Кўнгилларидан: «Эҳ, қанийди, шу харидорлар бўлмаса, жуда ажойиб бўларди-да!» — деган ўй-хаёл ҳам кечаёттандек эди. Юзлари тунд, муомалалари дағал. Очиқ юз, ширин тил билан «ишлари бўлмай» қолган. Хуллас, бу улкан дўкон уларнинг касрига қолиб, зарар кўраётганди. Бундай ҳолатдаги яна қанчалаб дўконлар йўқ дейсизми? Уларнинг ёпилиб кетишлари ҳам юқоридаги каби омиллар туфайлидир. «Зарар қиляпман», дея зорланган хўжайин дўконини кўздан кечирганида, зиённинг сабаби юз фоиз мижозларни йўқотаётган, уларга ёмон муомала қилаётган ҳамда уларга худди камситгандай гапираётган сотувчиларга бориб тақалади. Агар дўконим бўлганида, биринчи қиладиган ишим ана шундай сотувчиларнинг баҳридан ўтиш бўларди.
Шу нарса ҳақиқатки, мижоз билан сотувчининг фикри ҳар доим ҳам бир жойдан чиқавермайди. Бундай пайтда сотувчи ҳеч балони тушунмас экан, дея мижозни таҳқирламаслиги керак, келиша олмагани учун харидорни камситмаслиги лозим. Уни калака қилмаслиги, сабрли бўлиши шарт. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.