3:44

Исонинг шогирдлари учун ибодати. 1 қисм

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Исо ҳаворийларига бўлган меҳр-муҳаббати туфайли кетишидан олдин уларни тайёрлади. Исо осмонга қараб, Отасига шундай мурожаат қилади: «Ўз ўғлингни улуғла, токи ўғлинг ҳам Сени улуғласин. Сен унга берган кишиларнинг барига абадий ҳаётни ато этсин дея, унга бутун инсоният устидан ҳокимликни бердинг». (Юҳанно 17:1, 2) Худони шарафлаш ҳазрати Исо учун ўта муҳим экани аниқ. Масиҳ таъкидлаб ўтаётган абадий ҳаётга бўлган умид кишини тўлқинлантиради! Шунингдек, Исо «бутун инсоният устидан ҳокимликни» қўлга киритиб, тўлов келтирадиган баракаларни бутун одамзодга тақдим эта олади. Бироқ ҳамма ҳам бундай баракаларга эга бўлмайди. Нега дейсизми?

Боиси, Исо бундай баракаларни қуйидаги сўзларга кўра яшайдиган инсонларга беради: «Абадий ҳаётга эга бўлиш учун, Сени танҳо ҳақ Худони ва Сен юборган Исо Масиҳни таниб-билиш керак» (Юҳанно 17:3). Киши Ота ва Унинг Ўғли ҳақида аниқ билимга эга бўлиб, улар билан дўстона муносабатларни ривожлантириши лозим. Шунингдек, ҳар нарсага уларнинг нуқтаи назари билан қараши даркор. Бошқалар билан муомала қилганда эса уларнинг гўзал фазилатларига тақлид қилиши керак. Худонинг улуғланиши одамларнинг абадий ҳаётга эга бўлишидан афзалроқ эканини ҳам у тушуниши муҳим. Айнан шу мавзуни Исо қуйидагича ёритиб беради: «Сен менга топширган ишни ниҳоясига етказиб, ер юзида Сени шарафладим. Энди бўлса Отажон, дунё яратилишидан аввал олдингда эга бўлган шарафни менга яна ато этгин». (Юҳанно 17:4, 5)

Бундан аёнки, тирилганидан сўнг Исо илгариги мавқеига қайтишни сўраяпти.

Хизматда қандай ютуқларга эришганини эслаб, Исо шундай ибодат қилади: «Дунёдан танлаб олиб, менга берган одамларингга исмингни ошкор этдим. Улар Сеники эди ва Сен уларни менга бердинг. Улар эса Сенинг сўзингга риоя қилишяпти». (Юҳанно 17:6) Исо хизмати давомида Худонинг исмини шунчаки айтиб юрмаган. У ҳаворийларига бу исм ортида Худонинг фазилатларини ва одамларга бўлган муносабатини кўришга ёрдам берган.

Ҳаворийлар Худо ҳамда Ўғлининг тутган ўрни ҳақида билимга эга бўлишди. Улар Исонинг ўгитларини ҳам ўзлаштиришди. Исо камтарона шундай дейди: «Менга берган сўзларингни уларга етказдим ва улар қабул қилишди. Улар мен Сенинг вакилинг эканимни чинакамига англашди ва мени Сен юборганингга ишонишди».

Кейин Исо издошларининг ва бутун одамзоднинг орасидаги фарқни келтиради: «Дунё учун эмас, балки Сен менга берган кишилар учун сўрайман. Чунки улар Сеникидир. Эй муқаддас Отам, улар ҳам биз каби бир бўлишлари учун, менга берган номинг ҳаққи уларни ҳимоялагин. Ҳалокатга йўлиқадиган кишидан бўлак ҳеч бири нобуд бўлмади, уларни асрадим» (Юҳанно 17:9–12). Исо ибодат қилишда давом этиб, шундай дейди: «Дунё улардан нафратланди. Уларни дунёдан олишингни эмас, балки Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан. Мен дунёга тегишли бўлмаганим сингари, улар ҳам дунёга тегишли эмас». Ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар Шайтон ҳукм сураётган инсоний жамиятда умр кечиришади. Лекин улар бу дунёга ва унинг ёвуз ишларига аралашмаслиги керак. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top