2:51

Исонинг шогирдлари учун ибодати. 2 қисм

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.

Исо ибодат қилишда давом этиб, шундай деди: «Дунё улардан нафратланди. Уларни дунёдан олишингни эмас, балки Шайтондан ҳимоялашингни илтимос қиламан. Мен дунёга тегишли бўлмаганим сингари, улар ҳам дунёга тегишли эмас». (Юҳанно 17:14–16) Ҳаворийлар ва бошқа шогирдлар Шайтон ҳукм сураётган инсоний жамиятда умр кечиришади. Лекин улар бу дунёга ва унинг ёвуз ишларига аралашмаслиги керак. Бу нимани англатади? Шогирдлар Худога хизмат қилиб, дунёдан ажралган ва муқаддас бўлишлари даркор. Бунинг учун эса, улар ҳазрати Исо ўргатган ҳақиқатга биноан ҳаёт кечиришлари керак. Исо шундай ибодат қилади: «Уларни ҳақиқат ёрдамида муқаддас қилгин. Сенинг каломинг — ҳақиқат».

Вақти келиб баъзи ҳаворийлар Худо томонидан илҳомлантирилган китобларни ёзишади. Бу китоблар инсонни поклаш кучига эга бўлган ҳақиқатнинг бир қисмига айланади. Вақт ўтиб, «ҳақиқатни» бошқалар ҳам қабул қилишади. Шунинг учун Исо: «Фақатгина улар учун эмас, балки уларнинг сўзи туфайли менга ишонган кишилар учун ҳам илтимос қиламан»,— деб ибодат қилади. Қизиқ, ҳазрати Исо Худодан улар учун нимани сўрайди? «Ҳаммалари бир бўлишсин,— дейди у.— Отажон, Сен мен билан, мен эса Сен билан бирликда бўлганимиз каби, улар ҳам биз билан бирликда бўлишсин». (Юҳанно 17:20, 21) Исо ва Отаси ҳамма нарсада ҳамфикр. Шу сабабли, издошлари орасида ҳам худди шундай бирлик бўлиши ҳақида Исо ибодат қилди.

Бундан сал олдин Исо Бутрус ва бошқаларга улар учун осмонда жой тайёрлаш учун кетаётгани ҳақида айтган эди. (Юҳанно 14:2, 3) Исо ибодатда яна бу фикрга қайтади: «Отажон, Сен менга берган кишилар учун сўрамоқчиман. Мен қаерда бўлсам, улар ҳам ўша ерда бўлишини ва Сен менга берган улуғворликни кўришини истайман. Зеро дунёга асос солинишидан аввал Сен мени севгансан». (Юҳ 17:24)

Шундай қилиб, у Аллоҳ яккаю ягона Ўғлини азалдан, яъни Одам-ато билан Момо-ҳавонинг фарзандлари пайдо бўлишидан аввал севганини тасдиқлайди. Бу Ўғил кейинчалик Исо Масиҳ бўлди. Ибодатнинг охирида Исо яна бир бор Отасининг исми ва Худонинг ҳаворийларга ҳамда кейинчалик «ҳақиқатни» қабул қиладиган бошқа одамларга нисбатан севгисига диққат қаратади. У шундай дейди: «Мен исмингни уларга маълум қилдим ва яна маълум қиламан, токи мени қандай севган бўлсанг, улар ҳам шундай севгини намоён этишсин ва мен улар билан бирликда бўлайин». (Юҳанно 17:26)

Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top