4:01

Павлус азоб ва ибодат ҳақида

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Бугун Каломни ўқиб ўтирганимда, ҳаворийлар давридаги ҳизмат ва имонлиларнинг ўша замонга оид азобларию қийинчиликлари ҳақида ўйладим. Чиндан ҳам, ўша пайтда қувғинлар ва айирилишлар ўта кучли бўлган. Рим империяси давридаги имонлилар қаттиқ қувғинлар ва ўлимга тезда дуч келишган. Улар ҳар бири, бугун ё эрта ўлим билан дуч келиши аниқ бўлган. Улар давридаги ҳаётни биз замонавий имонлиларнинг ҳаёти билан солиштирадиган бўлсак, биз уларга нисбатан жаннатда яшаяпмиз десак муболаға бўлмайди. Улар имонда маҳкам туриб, тинмай ибодат қилишган. Ҳаворий Павлуснинг Салоникаликларга йўллаган биринчи мактуби бу вазиятни тушуниб, уни ҳис қилишга ёрдам беради: «Эй биродарлар, бу воқеалар рўй берадиган замон ва муддатлар ҳақида сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ. Чунки ўзларингиз яхши биласизларки, кечаси ўғри қандай келса, маҳшар куни ҳам шундай келади. Худди ҳомиладор хотинни тўлғоқ тутиб қолганидек, инсонлар тинч ва осойишта деб юрганда, тўсатдан уларнинг бошига ҳалокат келади ва ундан асло қочиб қутула олмайдилар. Сизлар эса, эй биродарлар, қоронғиликда эмассизларки, ўша кун ўғри каби сизларни босиб олсин. Ҳаммаларингиз ёруғлик ва кундузнинг ўғилларисизлар. Биз кечага ҳам, қоронғиликка ҳам тааллуқли эмасмиз. Шунинг учун бошқалар каби ухламайлик, бедор ва ҳушёр бўлайлик. Ухлаганлар кечаси ухлайдилар, сархуш бўлганлар кечаси сархуш бўладилар. Лекин биз кундузга оидмиз. Шу туфайли имон ва муҳаббат қалқонини олайлик, нажотга умидворлик дубулғасини кияйлик, ҳушёр бўлайлик. Чунки Худо бизни ғазаб учун эмас, балки Раббимиз Исо Масиҳ орқали нажот топиш учун тайин этди. Раббимиз Исо Масиҳ биз учун ўлди. Биз ҳаёт бўлсак ёки ҳаётдан кўз юмсак ҳам, ҳамиша У билан бирга яшаймиз. Шунинг учун ҳозир ҳам қилаётганингиздек, бундан кейин ҳам бир-бирингизга далда бериб, ёрдам қилинглар. Эй биродарлар, орангизда меҳнат қилиб, Раббимиз йўлида сизларга бошчилик қилиб, йўл-йўриқ берадиганлар бор, уларни қадрлашингизни илтимос қиламан. Қилган ишлари туфайли уларни чин қалбдан севиб, ҳурмат қилинглар. Бир-бирингиз билан тинч-тотув яшанглар. Сизларга ёлворамиз, биродарлар: ишёқмасларга йўл-йўриқ кўрсатинглар, жасоратсизларнинг руҳини кўтаринглар, кучсизларга ёрдамлашинглар, ҳаммага сабр-тоқатли бўлинглар. Ҳеч ким ўзгага ёмонлик эвазига ёмонлик қилмасин. Аксинча, ҳар доим бир-бирингиз, қолаверса, ҳамма учун ҳам яхшиликни изланглар. Ҳамиша хурсанд бўлинглар, тинмай тоат-ибодат қилинглар, ҳар қандай шароитда ҳам Худога шукр қилинглар. Бу – Худонинг иродаси, чунки сизлар Исо Масиҳ умматисизлар. Руҳнинг алангасини сусайтирманглар. Пайғамбар кароматини камситманглар. Ҳамма нарсани синаб кўринглар, яхшиликка ёпишиб олинглар. Ҳар хил ёмонликлардан ўзингизни сақланглар. Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи сизларни бутунлай муқаддас қилсин. Раббимиз Исо Масиҳ келгунча, бутун руҳингиз, жонингиз ва танингиз бенуқсон сақлансин. Сизларни даъват этган Худо Ўз сўзига содиқдир, У айтганини бажаради. Биродарлар, бизлар учун ибодат қилинглар. Бутун биродарларга муқаддас ўпиш билан салом айтинглар. Бу мактубни барча муқаддас биродарларимга ўқиб беришингизни Раббим Исо ҳақи қаттиқ буюраман. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин. Омин». Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top