Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Исо шогирдларининг муҳим белгиларидан бири бу Хушхабар айтишдир. Исо Масиҳ Ўз шогирдларига айтган сўнгги сўзлари қуйидагича эди: “Аммо Муқаддас Руҳ сизларни қамраб олганда, куч–қудратга тўласизлар. Қуддусда, Яҳудияда ва Самарияда, ер юзининг ҳамма бурчакларида сизлар Менинг шоҳидларим бўласизлар.” (Ҳаворийлар 1:8). Кўпинча биз Хушхабар айтишдан бош тортамиз, аммо Хушхабар айтиб бўлганимиздан кейин келган хурсандчилик шу қадар катта бўладики, биз: “Нимага Хушхабар айтишни хоҳламаган эканман”, деб қоламиз. Хушхабар айтишдан бизни тўхтатадиган биринчи нарса — бу қўрқув.
Биз Хушхабар айтсак одамлар биздан юз ўгиради, деб қўрқамиз. “Бу одам гапимни эшитмоқчи эмас”, — деб ўзимизни оқлаймиз. “Унинг ўзига яраша ташвишлари бор, ҳозир унга Худо ҳақида гапирсам, у мендан хафа бўлиб, мени уришиб беради”, деймиз. Аммо сиз бирон марта бирортасига Худо ҳақида гапирганингизда, у одам сиздан хафа бўлганми? Кўпинча одамлар ўзларининг руҳий ҳолати ва Худо ҳақида гапиришни яхши кўрадилар. Бир неча йил олдин мен бир йигитга Хушхабар айтишни ўргатган эдим. У Хушхабар айтишдан доим ўзини олиб қочарди.
Ёшлар хизматини бошлаётган бу йигитга мен шундай савол бердим: “Рустам, бу колледждаги нечта талабани танийсан? Сени учратган нечта одам исминг Рустам эканини билади?” Рустамнинг, ўша колледжга кирганига икки ой бўлган эди, аммо у фақатгина икки ёки уч талаба билан танишган эди, холос. Мен унга қуйидагича маслаҳат бердим: “Рустам, кейинги тўрт ҳафта давомида сен иложи борича кўпроқ талабалар билан танишгин. Кел, элликта талаба билан танишишни ўзингга мақсад қилиб қўйгин. Уларга Хушхабар айтишинг шарт эмас. Уларга масиҳий эканингни ҳам айтишинг керак эмас. Бор–йўғи улар билан таниш. Турган хоналарига бориб, улар билан гаплашгин. Улар билан теннис ўйна. Биргаликда спорт билан шуғуллан. Улар билан овқатлан. Қўлингдан келганини қил, аммо элликта талаба билан таниш.
Мен бир ойдан кейин қайтиб келганимда сен янги дўстларингни менга номма–ном таништирасан. Мен бир ойдан кейин ўша колледжга қайтиб бориб билсам, Рустам олтита дўстига Хушхабар айтиб, уларни имонга бошлабди. У элликта талаба билан танишдими, йўқми билмадим, биз бу ҳақда гаплашмадик. Бу ҳақда гаплашиш ҳам шарт эмасди. Рустам “солиқчилару гуноҳкорлар” орасидан ўзига дўст орттирганида Худонинг Ўзи Хушхабар айтиш учун унга керакли имконият яратиб берганди.
Демак, Хушхабар айтиш имонсизлар орасидан дўст орттириш билан бошланади. Бу дўстлик ўсиб боргани сари Муқаддас Руҳнинг Ўзи Хушхабар айтишингизга имконият яратиб беради. Сиз шогирд ўстирар экансиз, унга Хушхабар айтишни амалда ўргатинг. Уни имонсиз дўстларингиз билан таништиринг. Хушхабар айтишингизни шогирдингиз ҳам кўрсин, ана шундагина у ўзига ишонч ҳосил қилиб, ўзининг имонсиз дўстларига ҳам Хушхабар айтадиган бўлади. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.