Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Узоқни кўра билган одам ўз қарорларини вазиятга кўра эмас, балки кўзлаган мақсадига кўра чиқаради. Мақсад ва ишонч шогирд ўстиришни тутиб турган икки асосий устун ҳисобланади. Мақсад одамнинг дунёқарашига боғлиқ, унинг қадриятлари, у учун нима муҳимлигига боғлиқ. Исо бу ҳақда шундай деганди:
“Қарғаларга қаранглар: улар на экади, на ўради, на омборлари, на қўралари бор. Шунга қарамай, Худо уларнинг ризқини беради. Сизлар эса қушлардан анча қадрлисизлар! Биронтангиз ташвишланиб, умрингизни бир лаҳзага бўлса ҳам узайтира олармидингиз?! Шундай арзимас иш қўлингиздан келмас экан, нега қолган нарсалар ҳақида ташвиш тортaсиз? Нилуфар гулларнинг қандай ўсишига эътибор қилинг: улар меҳнат қилмайди, ип йигирмайди. Аммо сизларга айтаманки, ҳатто шоҳ Сулаймон ўзининг шуҳрат чўққисида ҳам ўша гулларнинг биридай кийинмаган.
Бугун бор, эртага эса ўчоққа ташланадиган дала ўтини Худо шундай безаган бўлса, наҳотки сизларни кийинтирмаса, эй имони сустлар! Нима еймиз, нима ичамиз, деб қайғуриб безовта бўлманглар. Дунё халқлари ҳа деб бу нарсаларнинг пайида юрадилар. Лекин осмондаги Отангиз буларга муҳтож эканингизни билади–ку!
Сизлар, яхшиси, Худонинг Шоҳлиги пайида бўлинглар ва қолган нарсалар ҳам сизга берилади. Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди. Мол–мулкингизни сотиб, садақа беринглар. Ўзингизга эскирмайдиган ҳамёнлар, самоларда битмас–туганмас хазина тайёрланглар. У ерга ўғри яқинлаша олмайди, хазинангизни куя ея олмайди. Хазинангиз қаерда бўлса, юрагингиз ҳам ўша ерда бўлади.” (Луқо 12:24–34)
Бу парча — мукаммал мақсад мисоли бўлиб хизмат қилади. Бирон ишни бошлашдан олдин унинг натижасини кўзлашни ўргатади. Кундалик қарорларимизни келажакни кўзлаган ҳолда чиқаришни Исо бизга ўргатади. Инсон ўз мақсадини йўқотган тақдирдагина ўз хоҳиши билан жиноятга қўл уради. У: “Ёмонлик қилсам нима бўпти? Менга бари бир ҳеч нарса қилмайди,” — деб ўзини ўзи алдайди. Мисол учун, бир киши банкка кириб 100 000 долларни ўғирлаб кетди дейлик. Агар ўша одам бу жинояти учун 25 йил давомида қамоқхонанинг каталак камерасида ўтиришини тасаввур қилганида эди, бу жиноятга қўл урмаган бўларди.
Жиноятчи қилмишининг оқибатини кўра олмагани учун банкдаги пулни ўғирлади. Биз ҳам гуноҳнинг оқибатини унутганимизда, гуноҳга қўл урамиз. Мақсад ва ишонч шогирд ўстириш жараёнининг икки асосий устуни ҳисобланиб, “Шогирдлик санъатининг” пойдеворини ташкил қилади. Агар шогирднинг мақсади ёки ишончи бўлмаса, бундай шогирд ҳеч нарсани ўрганмабди, деб айтишимиз мумкин.
Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.