Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.
Тавротда анчагина йўл йўриқ ва қонунлар берилган. Худо ўша вақтда Ўз халқининг бўйсуниши учун бу қонунларни нозил қилган эди. Бугунги кунда биз учун бу қонунларнинг қандай аҳамияти бор? Худо биздан бу қонунларга бўйсунишимизни талаб қиладими? Тимўтийга йўлланган иккинчи мактубда (2Тм.3:16-17) Муқаддас Оятларнинг биз учун фойдали эканлиги ҳақида гапирилган. Келинглар, шу оятларни ўқиб кўрайлик. Бу оятлар Қадимги Аҳд ҳақида. Ўша пайтда Янги Аҳд оятлари ҳали китоб шаклига киритилмаган эди. Ёки Забур 118:97-102 ни ўқийлик: “Қонунингни мен қанчалик севаман, Кун бўйи у фикр-хаёлимда менинг. Ёвларимдан ортиқ доно қилди мени амринг, То абад меники деб биламан фармонинг. Барча устозларимдан ақллироқ бўлдим, Чунон хаёлимдан кетмас қонун-қоидаларинг. Оқсоқоллардан ҳам ҳикматлироқ бўлдим, Зеро Сенинг буйруқларингни сақлаб келаман. Сўзингга риоя қилай дея тийдим мен Оёқларимни барча ёмон йўлдан. Сенинг ҳукмларингдан қайтмадим, Зеро Ўзинг менга таълим беряпсан”.
Худо нима учун бу қонунларни нозил этган? Нима деб ўйлайсиз?
Биринчидан, бу қонунлар бизга Худонинг қандай Худо эканлигини тушунтиради. Худо биздан Ўзи хоҳламайдиган нарсани талаб қилмайди-ку! Нотўғри деб билган нарсасини бизга ўргатмайди-ку! Худонинг адолатли эканини биз Унинг қонунларига қараб ўрганамиз. Иккинчидан, бу қонунлар инсонларнинг қандай яшаши кераклигини бизга тушунтиради. Қандай яшаш керак деб сўрасангиз ҳар хил одамлар ҳар хил жавоб беради. Лекин стандартни биз албатта Худодан излашимиз керак. Ҳар куни ҳар хил нарсаларни қандай қилиш тўғрисида биз ҳар хил қарорлар қабул қилишимиз керак. Худонинг Қонуни нима қилиш-қилмаслик ҳақида бизга ҳақни ноҳақдан ажратиб беради. “Менимча шундай қилишим керак” дейсизми ё “Худо шундай деган” дейсизми? Гуноҳ туфайли кўпчилик одамлар бўйсуниш деган нарсани хоҳламайди. Бўйсунишдан нафратланади. Ҳеч ким уларнинг мушугини пишт демаслиги керак. Инсон ҳеч кимга, ҳатто Худога ҳам бўйсунишни хоҳламайди. Инсон ўз фикри билан яшашни истайди! Лекин бундай муносабат билан инсон фақат ўзига-ўзи чоҳ қазияпти. Чунки биз фақат нон билан эмас, балки “Худонинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз билан тирикмиз”. Демак биз фақат Инжил оятларигагина эмас, балки бутун Муқаддас Китоб оятларига эътибор беришимиз керак. Ёқубнинг мактубида ёзилганидек, “кимки Илоҳий Қонуннинг ҳамма моддаларига риоя қилса-ю, фақат бир нарсада гуноҳ қилса, у бутунлай гуноҳкор бўлиб қолади” (2:10). Нажот топиш учун қонунни бажариш керак деб ўйласак нотўғри бўлади. Гап шундаки биз ҳеч қачон қонунни аъло даражада бажармаймиз. Биз аллақачон энг муҳим қонунларни бузганмиз. Қонунни ҳеч ким тўла бажара олмайди ва шу сабабдан ҳеч ким қонунни бажариш орқали оқлана олмайди. Қонун орқали ҳеч ким кечирим ололмайди. Осмондаги Отамиз бизни севгани учун бизга кечирим олиш йўлини берган. Бизни севгани учун! Солиҳ яшаш учун қонун бизга куч-қувват бера олмайди. Тўғри ҳаёт кечириш учун биз Муқаддас Руҳга муҳтожмиз.
Қонун бизга юракларимиз ташналигини қондирадиган ҳаёт бахш эта олмайди. Бизга ҳаётни ҳазрати Исо беради! Қонун ҳақида нотўғри хулоса чиқарманг! Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.