3:40

Хаёлимиздаги бутпарастлик

MP3

«Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир; Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган. Унинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти, Ўз ижод маҳсулию борлиқни яратганидан англашилади ва очиқ кўриниб туради. Шундай қилиб, уларнинг узрлари йўқ. Чунки улар Худони идрок этганлари ҳолда, Уни Худо сифатида улуғламадилар ва Унга шукрона айтмадилар. Бунинг ўрнига бемаъни хаёлларга берилиб, уларнинг бефаросат диду дилига зулмат тушди. Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар. Мангу барҳаёт Худонинг улуғвор жамолини улар дунёдан ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи суратидаги бутларга алмаштирдилар. Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Улар бир-бирининг баданларида беҳаёлик қилиб, тубанлашиб кетдилар. Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Холиқ ўрнига махлуққа сиғиниб топиндилар. Холиқи оламга эса абадий шон-шарафлар бўлсин!» (Рим. 1). Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Худо ҳақидаги нотўғри фикрлар — бу фақатгина бутга сиғинишдек иллатнинг ифлос суви оқаётган булоқ эмас, бу ўй-фикрларнинг ўзи ўз моҳиятига кўра — бутга сиғинишдир. Шу тарзда сиғинувчи киши Худо ҳақида ниманидир ўйлаб чиқаради, кейин эса ўзини шундай тутадики, гўё бу ўйлаганлари ҳақиқатдек бўлиб кўринади.

Худо ҳақидаги бузуқ фикрлар улар пайдо бўлган эътиқоднинг емирилишига олиб келади. Исроилнинг узоқ давом этган тарихи буни етарлича аниқ қилиб кўрсатиб беради, Жамоат тарихи ҳам бу нарсани тасдиқлайди. Худо ҳақидаги юксак тушунчалар Жамоат учун шу қадар зарурки, агарда бу тушунчалар қандайдир даражада пасайса, Жамоат ҳам ўз хизмати ва ахлоқий мезонлари билан бирга тубанлашган бўлади. Ҳар қандай жамоат Худо ҳақидаги юксак тушунчалардан воз кечса, бу йўлга ўзининг илк қадамини қўйиши мумкин.

Масиҳий Жамоат емирилишга учрашидан олдин, албатта унинг таълимоти асослари йўқола бошлайди. Жамоат шунчаки «Худо қандай?» деган саволга нотўғри жавоб беради ва қолган ҳамма нарса шундан келиб чиқади. Балки Жамоат ҳеч нарса ўзгармаганлигини исботлашга уринар, бироқ бу ҳаракат жуда қалбаки бўлиб кўринади. Бу Жамоатга келувчи биродарлар ҳақиқий Худога ўхшамайдиган худога ишониб бошлайдилар; бу эса ўз навбатида жуда маккор ва ҳавфли таълимотдир.

Худо ҳақидаги тушунчасини пок ва юксак, Худо ва Унинг Жамоатига лойиқ тарзда ифода қилиш — замонавий масиҳий жамоатнинг биринчи ўриндаги вазифасидир. Ҳар бир ибодатда ва ҳар қандай ишда бу вазифа биринчи ўринда туриши керак. Биз ўзимиздан олдинги авлодлар — яҳудийлар ва масиҳийлардан олган Худо ҳақидаги бенуқсон ва бебаҳо тушунчаларни масиҳийларнинг кейинги авлодига етказар эканмиз, улар учун улуғ бир ишни амалга оширган бўламиз. Ва бу мерос келажак авлод учун санъат ва фан мерос қилиб қолдирадиган инъомдан қадрлироқ бўлади.

Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top