Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Бугунги суҳбатимиз орқали бизнинг инсоний сифатларимиз орасидаги бегона ўтлар ҳақида боради. Уларни иллатлар деб атаймиз. Ҳар биримиз ҳаётимизда ҳеч бўлмаса бир марта бу туйғуларни бошимиздан кечирганмиз. Агар бир марта бўлса майли, лекин бу ҳолат тез-тез бўлса-чи? Улар ҳаётимизга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрганмизми? Улар билан суҳбатимиз давомида бирма-бир танишасиз. Энг биринчиси бу — Ҳасад қилиш. Агар сиз ҳасад қилаётган одамингиз билан ҳеч бўлмаса бир кун ўрин алмашиб кўрганингизда эди, бу сизга унчалик ҳам ёқмаган бўларди. Ҳар бир инсоннинг ўз қайғу ва ташвишлари бўлади. Ҳеч қачон ўзингизни бошқалар билан таққосламанг, ҳар бир одамнинг ўз ўтмиши, ўз иқтидор ва имкониятлари, ўз муаммо ва қувончлари бўлади. Ҳасаддан фойда йўқ. Баъзи одамлар табиатан тез хафа бўладиганлар тоифасига киради.
Narrator 2 Аммо таъкидлаб айтаманки, бу одат сизга асло ёрдам бермайди. Аксинча, юрагингизни емиради. Ўз саломатлиги ҳақида ўйлаган одам ўзини ҳафа бўлишдан тийишни ўрганади. Хафалик бу сиз кутган нарсанинг бўлмаслигидан келиб чиқади. Тасаввур қилинг, кўчада кетаётиб қоқилиб йиқилиб тушдингиз ва қўлингиздаги нарсалар сочилиб кетди. Сиздан нарироқда кўзи ожиз одам турибди. Сиз ундан ҳеч қандай ёрдам кутмайсиз, табиийки, у сизга ёрдамга югурмагани учун ундан асло хафа бўлмайсиз. Агар ёнингизда ҳамкасбингиз бўлсаю, у сизнинг ерда сочилиб ётган нарсаларингизни териб юрганингизни жимгина томоша қилиб турса, ундан бир умр хафа бўлиб юрасиз. Хафа бўлмасликнинг энг яхши йўли эса ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмасликдир. Одамлар сиздан қарздор эмаслар: улар сизга ёрдам беришга, сизни қўллаб-қувватлашга, сизга ғамхўрлик қилишга мажбур эмаслар. Ҳамма нарсани борича қабул қилинг.
Narrator 1 Бу дегани ҳамма билан қўпол муносабатда бўлиш лозим дегани эмас. Шунчаки, ўзгаларнинг ёрдамини кутиб, кутганингизни ололмай хафа бўлиб юргандан кўра ҳеч кимдан умид қилмаган маъқулроқ. Нолиш ҳам ҳаётимизни ёмонлашишига олиб келадиган ва атрофимиздан одамларни қочирадиган иллатларимиздан бири. Агар инсон нолишга ўрганиб қолса, ҳаёти яхшими-ёмонми, нолийверадиган бўлиб қолади. Ҳадеб нолийверадиган одам ҳаётида фақат салбий нарсаларнигина кўради ва бошқаларга ҳам бу ҳақда айтишга шошилади. Ҳаётни аниқ баҳоловчи мезон йўқ, у сиз қандай кўраётган бўлсангиз, ўшандай бўлади. Агар ҳаётингизнинг фақат ёмон томонини кўраётган бўлсангиз, демак ҳаётингиз ёмон. Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб нолишдан нима фойда? . Ғийбат қилиш – бу энг ёмон иллат. Бу нафақат одамнинг ўзига, балки бошқаларнинг ҳаётини ҳам заҳарлайди.
Narrator 2 Энг сўнгги иллат ўзгаларни “чайнаш”. Жуда кўпчилик бошқалар ҳақида соатлаб гапиришни, уларни муҳокама қилишни хуш кўради. Бу дунёда ҳамма хато қилишга ҳақли, ҳеч ким авлиё эмас. Сиз ҳеч қачон бошқа одамнинг ичига кириб чиқмагансиз, у қандай яшаётгани, қандай яшагани, миясида қандай ўйлар борлигини билмайсиз. Муқаддас Каломда “Ўзгаларни ҳукм қилманг, сиз ҳам маҳкум бўлмайсиз”, деб ёзилган. Ўзгаларни ҳукм қилишга одатланган одам, ҳаммани ўзи каби бўлишини ё бўлмаса, энг солиҳ инсон қандай бўлса шундай яшаши керак, деган фикрни асос қилиб олади. Холбуки, бундай одамларнинг ўзлари ҳам ўша ўлчамга тўғри келмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайди. Инсонлар турлича, уларнинг табиийки характерлари ҳам турлича, Яратувчи инсонларни турли қобилиятлар билан яратган. Афсуски, гуноҳаримиз биздаги салбий характер ва одатларни ҳам пайдо қилган. Инсониятни ҳукм қилиш фақат Яратувчининг иши. Биз эса уларга ўзгаришга ёрдам беришимиз мумкин ҳолос.