Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Турмуш қуриш, тўй тантаналари ва ундан олдинги ташвишлар ҳамма давлатларда ҳам бирдек, ёқимли ташвиш ҳисобланади. Фақат келин-куёвга тегишли тўйдан кейинги одатлар ҳамма халқларда турлича. Масалан, Ғарб давлатларини олинг; келин-куёвлар тўйдан кейин ўзлари аввалдан белгилаган асал ойи саёҳатига жўнашади. Тўй атрофдагилар учун муҳим бўлса, асал ойи янги турмуш қурган жуфтлик учун жуда муҳим деб хисоблашади. Асал ойи икки жуфтликни бир-бирларини яқиндан билиб олишга, ўрганишга ва муҳаббатларини изхор қилишга яхши имкон беради. Бундан ташқари тўй олди тараддуди ташвишларидан чарчаган икки ёш дам олиш ва бир-бирига ўрганиш учун, ҳамда бир умрга татийдиган ёқимли ҳотиралар қолдириш учун яхши вақт ҳисобланади. Аммо Осиё ва Шарқ давлатларида тўйдан кейин янги жуфтлик бир-бирига қандай мослашади?
Narrator 2 Ўрта Осиё давлатларида тўйдан кейин 40 кунлик чилла даврига амал қилинади. Аслида эса бу давр ота-боболаримиз тилида “Чилла” даври деб аталган ва янги келин куёвни имкон қадар ёмон кўзлардан асраш учун эҳтиёткорлик ва синов даври ҳисобланган. Бу пайтда момоларимиз куёвларнинг қоронғу тушганидан кейин кўчага чиқмаслигини, пана-пастқам ва одам кам бўладиган жойлардан узоқроқ юришларини тайинлаганлар. Эҳтимол бу одат, қадимги Шаманизмдан қолган одатлардан биридир, сабаби бу одатда кўпроқ ёвуз руҳлар ва инс-жинслар ёпишмаслиги назарда тутилади. Чилланинг бу томонига ҳар ким турлича ёндошади. Аммо чилла даври чиндан ҳам янги турмуш қурган ёшлар учун бирга кўпроқ вақт ўтказишга яхши вақт ҳисобланади. Бу пайтда икки ёш бир-бирларига меҳрибон, севимли бўлиш билан бирга, бир-бирларини яхшироқ билиб олиши ва тушунишига кўпроқ имкон туғилади.
Narrator 1 Баъзи жойларда келин ҳатто 1 ойгача қайнона-қайнотаси билан овқатланмайди. Кўникиб олсин деб, келин-куёвга алоҳида ўз хоналарида бирга овқатланишларига имкон берилади. Бу ҳам икки ёш бир-бирлари билан яхши муносабат боғлаб олишлари учун яхши бир сабаб. Бу пайтда қайнона ва қайнота икки ёш бир-бирларига боғланиб қолишлари учун имкон қадар имконият беради. Масалан, келинлар тонгда туриб ҳовли супуриш чоғида янги қайнона ўғлидан келинга ёрдам беришини сўрайди. Келин ҳовли ва дарвоза олдини супурадиган бўлса, куёв сув олиб келиб, сепиб туришга кўмаклашади. Келин сигир соғадиган бўлса, куёв сигирни яхшилаб боғлаб, бузоқчасини эмизиб беради. Буни ёш оилани биргаликда рўзғор ишларига бирдек ҳаракат қилишлари кераклигини кўрсатадиган сабоқ дейиш ҳам мумкин. Бундай оғир ишлар фақат қишлоқда бўлдади, шаҳарда-чи, дейишингиз мумкин. Шаҳарнинг ҳам ўз одатлари бор.
Narrator 2 Шаҳарда, келинлар сув ташишларига ҳожат йўқ, аммо барибир, куёв келинга эрталаб ҳовли супуриши учун керак бўладиган сувни таъминлаб бериши мумкин. Уйдаги аёл кишига қийин бўлган ишларда ёрдам бериши, бирга сайрга чиқиши ва атрофда нималар борлигини кўрсатиши ёки биргаликда бирор нима ҳарид қилишга бориб келиши мумкин. Масалан, Чилла даврида келин янги хонадонга ўрганиб олгунча, куёв унинг энг яқин маслакдоши, маслаҳатгўйи ва бошқарувчиси ҳисобланади. Келин бу хонадондаги ҳамма ишларга кўниккунича қайнона ва куёв астойдил ҳаракат қилишади. Буларнинг ҳаммаси асосан мана шу чилла даврида содир бўлади. Албатта келин ўзи тушган хонадонни ўзиникидай қабул қилиши учун 40 кундан кўпроқ вақт талаб этилиши мумкин, аммо асосий кўникмалар чилла даврида шаклланади. Хуллас, чилла даври нафақат ёш оила учун балки бутун оила бир-бирига мослашадиган давр ҳисобланади.