3:32

Севги тугайдими?

MP3

Ассалому алайкум. Ҳурмати улуғ, қалби меҳрга лиммо-лим бўлган бекажонлар, сиз бахтлимисиз? Оилавий бахт ва хотиржамликка эришиш учун қандай мураккаб йўлларни босиб ўтгансиз? Ҳар бир жуфтлик оилавий муносабатларнинг маълум босқичлари: меҳр-муҳаббат туйғуси синови ва муносабатларда инқироз юзага келиши каби даврларни босиб ўтишади. Икки ёш севишиб ёки ота-оналар ризолигига кўра турмуш қуришди, илоҳим бахт уларга ёр бўлсин!  Аммо… Вақт ўтиши билан ҳаммаси ўзгара бошлайди. Аслида ҳаммаси ўз қўлингизда! Бахтни йўққа чиқариш ҳам, оила ришталаридаги муҳаббат тилсимини асраб-авайлаш ҳам фақат сизга боғлиқ. 1. Энг ажойиб ва энг ширин дамлар ёхуд «севги химияси» босқичи бу босқич тахминан 18 ойча давом этади. Йигит ва қиз учрашиб, бир-бирига кўнгил қўя бошлаганида уларнинг организмида дунёни ёрқин рангларда намоён этувчи маълум бир гормонлар фаоллашади.

Бу пайтда яқин инсонимиздаги ҳар қандай ҳолат кўзимизга чиройли кўриниб кетаверади: ташқи қиёфа ва овоз ниҳоятда қадрдон бўлиб, ҳатто феъл-атвордаги камчилик ёки беўхшов ҳаракатлар ҳам ёқимли туюлади, худди сархушлик ҳолатида юргандек бўламиз. 2. Биринчисидан кейин албатта, келадиган босқич — бу «жонга тегиш» яъни зерикиб кетиш даври. Ҳис-туйғуларингиз анча «тинчиб» қолади, умр йўлидаги ҳамроҳингизнинг ижобий ҳамда салбий жиҳатларини ҳушёрлик билан ақл тарозисида баҳолайсиз. Бир-бирингизга кўникиб, ўзингизни анча табиий, эркин ва бемалол тута бошлайсиз. 3. Учинчи босқич — нафрат даври деб аталади. Бу босқич ҳар бир узоқ давом этувчи муносабатлар учун албатта, хос саналади. Нафратланиш фазасида бир-бирингиздаги камчиликларга бутун диққат-эътиборингизни қаратасиз ва турли низо, жанжаллар чиқара бошлайсиз.

Бу вазиятдан чиқишнинг энг осон, аммо кўнгилсиз чораси — бу ажралиш. Хўш, бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Бу шуни англатадики, сиз «севги химияси»нинг ажойиб босқичига яна қайтасиз, бироқ ҳаммасини энди бутунлай бошқа инсон ҳамроҳлигида бошдан кечирасиз. Дунёда фақат мана шу уч фазада айланиб юрувчи кишилар кўплаб топилади. Ушбу фазалар тор фикрли кишилар доираси саналади, чунки бу даврлар ичида ҳақиқий муносабатларга ҳали киришмаган бўламиз. 4. Кейинги давр — сабр-бардош. Эр-хотин ўртасида низолар ҳали ҳам давом этмоқда, аммо бу вазият аввалги даврдагидек тақдирингизга жиддий таъсир кўрсатмайди. Сабаби иккингиз ҳам жанжал тугагач, муносабатлар яна тикланишини жуда яхши биласиз. 5. Бурч ёки ҳурмат даври. Аслида бу давргача севгидан ҳали дарак бўлмаган эди. Энди оила қўрғони аъзолари «у менга нималарда қарздор» деб эмас, балки яқин инсонига ўзи нима қилиб бериши лозимлиги ҳақида ўйлай бошлайди.

6. Дўстлик босқичи. Оила бўстони соҳиб ва соҳибалари энди ҳақиқатан ҳам бир-бирига яқин ва қадрли бўла бошлайди. Энг яқин сирдош дўстингизга ишонгандай бир-бирингизга ишониб, суянасиз. 7. Еттинчи фаза — бу муҳаббат манзили. Меҳр-муҳаббат арзон буюм эмас, бутун умр давомида у томонга қараб узоқ йўл юрилади. Инсонлар бир умрлик оила ришталарини мустаҳкамлашда ҳаётнинг турли вазиятларидан севиб-севилиш сабоғини олишади. Муҳаббат — кўпчилик ёшлар ўйлаганидек юрагимизда, хаёлларимизда қўққисдан пайдо бўлиб қолмайди. Чин муҳаббатга эришиш учун ич-ичимиздаги худбинликни енгиб, улғайишимиз зарур.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top