Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Аёл Худованд яратган энг ажойиб ва энг мукаммал ҳилқат экани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ афсуски, гуноҳ туфайли табиатимиз бузилган. Аёл она ва севимли рафиқа бўлиш, турмуш ўртоқларига муносиб ёрдамчи бўлиш учун яратилган, аммо ҳаётга назар ташласак, бу вазифани ҳам қойиллатиб бажара олаётган аёлларни кўрмаймиз. Бугун суҳбатимиз давомида имонли бир опамизнинг ҳаётидаги қийинчиликлари ва шу қийинчиликлардан Худо ҳар куни қандай олиб чиқиб кетганини кўришимиз мумкин. У гувоҳлигини шундай бошлайди, “Мен Худони таниганимдан сўнг, ўзимдек Худони биладиган имонли йигитга турмушга чиқдим. Тез орада биринчи, кейин иккинчи , кейин учинчи фарзандимиз туғилди. Ҳали биринчи фарзандимни тарбиялашни, унга ғамхўрлик қилишни ўрганиб улғурмасимдан иккинчисига ҳомиладор бўлдим. Шароитимиз шундай эдики, атрофимда менга ёрдам берадиган ота-онам ёки қайнона-қайинсингилларим йўқ эди.
Narrator 2 Эрим эртадан кечгача ишда бўлар, бутун бозор-ўчар қилиш, пишир-куйдир, ювиб-тозалаш ва болалар ташвиши фақат биргина тажрибасиз мендек аёлнинг бўйнида эди. Она бўлганимдан бошлаб, фарзандларимни тўғри тарбиялаш ҳақида кўпроқ қайғурардим. Аммо гуноҳкор табиатим билан тез-тез жаҳл қилиб, болаларимни уриб қўярдим. Урганимдан афсусланиб, бошқа хонага кириб йиғлардим. Нима қилсам, тўғри бўлишини билмасдим. Шундай кунларда Худога нолирдим, “Худо нима учун мендек уқувсиз ва оналик қила олмайдиган аёлга учта фарзанд бердинг. Мен буни эплай олмаётганимни Ўзинг кўриб турибсан-ку, менга ёрдам бер.”, деб ёлвориб йиғлардим. Мендаги энг катта муаммо болаларимнинг айтганларимни вақтида қилмаслиги, болалик қилиб, ҳамма жойни тўзитиб, уйда бирор ишкал чиқариши эди.
Narrator 1 Албатта улар болаларда, ўйнагиси келади, билмаган ҳолда шўхлик қилиб энг қадрлаган ёки қиммат бўлган бирор нарсангизга зиён етказади. Бу воқеалардан тўғри, Худо истаганидек чиқиб кета олмасдим. Бу эса менга яна ҳам кўпроқ босим берарди. Охири яхши она бўлолмаслигимни англаб, тушкунликка тушиб қолдим. Бир куни мени кўргани бир катта тажрибали биродар опам келиб қолди. Унга бор қийинчиликларимни, муаммоларимни, яхши она бўлолмаётганимни айтиб йиғладим. У сўзларимни эшитиб туриб, менга яхши малсаҳатлар ва далда берди. Ҳаммасидан ҳам эсда қолгани шу эди, “Худо бошқа аёлга эмас айнан сенга 3та фарзанд берган. Нега? У фарзандларини фақат тарбиялай олишига ишонган аёлгагина беради. Худо ҳар бир фарзанд учун жуда қаттиқ қайғуради ва уларнинг ҳаёти Худо учун жуда қимматбаҳо. Сенга шундай фарзандлардан бир эмас учтасини берибдими, демак, сен шуни қила олишингга ишонади.”
Narrator 2 Унинг бу далдаси бир умр менинг ёдимда сақланиб қолди. Мен шу далда билан ўзимни тиклаб олдим. Ҳаётимда айнан болалар тарбияси билан бўладиган қийинчиликларни енгиб ўтишимга, Худонинг иродасига кўра тарбиялашимга ёрдам берди. Шундан сўнг биз яна бир фарзандли бўлдик. Кейинчалик Худованд менга бошқа бир ҳақиқатни очиб берди. Фарзандларим ўсмир ёшга етгач, улар билан қийинчиликларим яна ҳам кўпайди. Яна оналик қобилиятларимга, салоҳиятимга шубҳа билан қарай бошладим. Шунда мен бир нарсани англаб етдим. Худо менга бу фарзандларни менинг қобилиятимга ва кучимга ишонгани учун эмас, Ўзига ишониб берган. Чиндан ҳам мен қанчалик университетда оналик қилиш учун 10 йил ўқиган аёл бўлмай, агар Худо менга ёрдам бермаса, мен уларни тўғри тарбиялай олмас эканман. Агар Худо қўллаб турмаса, бошқармаса, ёрдам бермаса, мен тўртта эмас ҳатто биргина фарзандни ҳам тарбиялай олмас эдим.