Ассалому алайкум азиз биродарлар, сиз азиз дўстларимиз билан мавзуларимиз орқали учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, ҳар бир тарих ҳақида гапирилганда, у ўзининг ибтидосига эга.
Шу жумладан Масиҳ жамоатини тарихига қарасак, бу тарихнинг ибтидоси Носира шаҳрида туғилган Исо билан боғлиқдир. Милоддан олдинги 4-йилда Исо Байтлаҳмда дунёга келади.
Лекин шунга қарамай Унинг ёшлиги Носира шаҳрида ўтади. Тахминан ўттиз ёшлар чамасида, Исо Масиҳ Ўз хизматини бошлади. Бу воқеа Қайсар Тибериус салтанатининг ўн бешинчи йилига тўғри келади.
Исо ўзининг ҳаёти ва қилаётган ишлари орқали Яҳудий пайғамбарлари башорат қилган Қутқарувчи, яъни Масиҳ эканлигани исботлар эди.
Унинг ҳаёти давомида жуда кўп шогирдлари бўлган. Исо Масиҳнинг беш юздан ортик шогирдлари бўлгани бизга маълум. Лекин Исо Масиҳ ўн иккита шогиртига алоҳида эътибор берган.
У шогирдлари билан уч йил мобайнида бирга яшади. Шогирдлари кўз олдида қилаётган ажойиб мўъжизалари ва қудратли куч эгасидай таъсирчан таълим бериши Исони Буюк Устоз даражасига олиб чиқди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Исо ер юзида ўзининг жамоатини қуришга алоҳида аҳамият берган.
Шогирдлари Исони Масиҳ деб билар эди. Шогирдлари Исони ҳақиқатдан ҳам Исроилнинг қутқарувчиси Масиҳ деб билишарди. Лекин Буюк Устозни тахминан ўттиз учинчи йили Рим империяси томонидан “шармандали” хочга михланиши, шогирдлари учун кутилмаган ҳолат бўлди.
Ўша пайтда бўлиб ўтган ушбу воқеадан сўнг шогирдларнинг ҳолатига эътиборингизни қаратмоқчи эдим. “Улар яҳудий мансабдорларидан қўрқиб, уйнинг эшикларини қулфлаб қўйган эдилар”.
Орадан эллик кун ўтиб эса Қуддусда кутилмаган воқеалар содир бўла бошлади. Бундан олдин қўрқиб, эшикларни қулфлаб уйда ўтирган шогирдлар бирданига жасорат билан қуддус кўчаларига чиқиб: “Хочга михланга Носиралик Исо тирилди, У Исроил халқи кутган қутқарувчи Масиҳдир,” — деб Қуддус кўчаларини тўлдириб Хушхабарни эълон қилишди.
Бутруснинг ваъзи орқали уч мингга яқин киши тавба қилиб жамоатга қўшилди. Шогирдлари Яҳудий руҳонийлари ва Яҳудиядаги Рим империяси қаршилигига қарамай, бу Хушхабарни бутун халққа етказар эдилар. Шу йусин жамоатлар аста- секин ўсиб борар эди.
Шунинг билан азиз дўстлар, бугунги мавзумизга якун ясаймиз. Бизнинг электрон почтамиз манзили: dilkash@najot.com Яна мавзуларимиз орқали учрашгунча, хайр саломат бўлинг.