Нозик хилқат — инсоннинг тушкунликка тушиб, муаммолар гирдобида қолиши, ўзини бирозгина бахтсиз ҳис этиши жуда осон. Бу каби нохуш кайфиятда ҳаётимизда ниманидир ўзгартиришга: ўз услубимиз устида ишлаш, соғлиғимизга эътиборлироқ бўлиш ёки турмуш тарзимизга бирор янгилик киритишга қарор қила оламизми? Йўқ, албатта! Аммо буларнинг ҳаммасини кўтаринки кайфиятда, завқ-шавқда амалга ошириш мумкин. Бу ўринда бахт сари бориладиган усулларни эътиборингизга ҳавола этмоқчимиз. Уларнинг осон ёки қийинлигини эса тажрибангизда синаб кўринг.1. Ҳар куни бошқа эҳтиёжларингизга аралаштириб юбормаган ҳолда алоҳида вақтни белгилаб, кўчага фақатгина сайр қилиш мақсадидагина чиқинг. Бир кунда 10-30 дақиқа пиёда юринг. Сайр вақтида эса ёрқин хотираларни эслаб, жилмайиб қўйиш ҳам ёдингиздан чиқмасин.
2. Кунига ҳеч бўлмаса 10 дақиқача тинч ва осойишталикда ўтиринг. Сокинликда фикрингиз жамланиб, ўзингизни ёмон хаёллардан асрай бошлайсиз. 3. Суткасига аниқ 8 соат ухланг. Аслида асаб билан боғлиқ барча нохушликлар мириқиб дам олганингиздан кейин тушдек унитилиб кетади. 4. Ўз ҳаётингизга учта «Э» — Энтузиазм (иштиёқ), Энергия (шижоат), Эмпатия (бошқаларга қайғудош бўлиш, ҳамдардлик туйғуси) қоидасини киритинг. Бу ўринда мақсадларингиз сари олға интилишни ўрганиб, атрофдагиларга қанчалик кераклигингизни англайсиз. 5. Кўпроқ ўйнанг, беллашинг. Турли мусобақаларда иштирок этишдан ўзингизни четга тортманг. Шунингдек, ёш болалар билан сўз ўйини ва шунга ўхшаш ўйинларни ташкил этинг. 6. Ҳар ой олдингисига нисбатан кўпроқ китоб ўқинг. Бундан хотирангиз мустаҳкамланиб, фикрингиз теранлашади. Ўзингизни маънавий озуқа билан тўйинтириб борасиз.
7. Медитация билан шуғулланишга, мулоҳаза юритиш ва орзулар қилишга ҳам алоҳида вақт ажратинг. Бу каби бахтли лаҳзалардан ўзингизни асло мосуво қилманг. 8. Суҳбат доирангизга 70 ёшли кишиларни ва 6 ёшгача бўлган болаларни киритинг. Улар билан бирга кулинг, шодланинг, шунда ҳаётнинг ҳақиқий қувончларини англаб етасиз. 9. Эрталаб уйғонганингизда ўрнингиздан туришдан аввал бироз муддат хаёл суриб, яхши нарсалар ҳақида, кунингизнинг, хушвақт ўтиши тўғрисида ўйланг. 10. Тўғридан-тўғри, полиз ёки дарахтдан узилган маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг ва аксинча, ишлов берилган, яримфабрикат таом ва маҳсулотларни камроқ тановул қилинг. 11. Кўпроқ сув ичинг. Тез орада шу оддийгина усул орқали ўзингизни қанчалик енгил ҳис этаётганингизни атрофдагилар билан бўлиша бошлайсиз.
12. Кун давомида камида уч кишининг кайфиятини кўтаришга, хушнуд этишга ҳаракат қилинг. Бундан ўз кўнглингиз чоғ бўлмай кўрсинчи…13. Бебаҳо куч-қувватингизни бекорчи сафсаталарга сарфламанг. Бундан асло енгил тортмайсиз, аксинча, салбий қувватни, юкни елкалаб оласиз, холос. 14. Бўлиб ўтган гапни орқада қолдиринг. Яқин инсонингизга ўтмишдаги хатоларини эслатаверманг. Аслида бахт мана шу. 15. Энди ўзгартириш қўлингизда бўлмаган нарсаларга афсусланиб, хафа бўлманг. Яхшиси, ўз қувватингизни айни лаҳзаларга сарфланг. 16. Ҳаётни, дарс сифатида кўринг. Ҳатто мактаб ўқувчиси алгебра фанидан тайёрланиб келмаса, бу ҳали хотимани англатмайдику. Шундай экан, сиз ҳам ҳаётдан сабоқ олинг, натижа ҳар доим ҳам кутганингиздек чиқмаслиги — ўқишни тўхтатиб қўйиш учун сабаб, баҳона бўлолмайди.