Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Сизга бир маслаҳат: магазинингиз доимо ёш бўлиб қолсин.
Дўконингизда нафақахўр, кекса ходимлар, сотувчилар ишлаши мумкин. Бироқ уларга хатти-ҳаракатларини «ёшартиришлари» зарурлигини айтинг. Мижозларни табассум қилиб, хушчақчақлик ва чаққон ҳаракатлар билан қарши олсинлар. Акс ҳолда, улар ҳам «ёшлик ва қувноқлик душманлари жамияти»га аъзо бўлиб қоладилар. Дўконингиз ёшлар билан тўлсин. Дўконингиз ёш бўлиб қолсин.
Дўконингиз ёшларни ўзига жалб қилсин. Шунга амин бўлингки, дўконингизга ёшларни ўзига тортадиган шаклда тартиб берганингиз билан ёши катта мижозларни йўқотмайсиз. Чунки катта ёшлилар ҳам ёшлар борадиган жойга жон-жон деб боришади. Унутмангки, ёшликнинг қадрига ёшлар эмас, қариялар етади. Мана шу нарсани ҳам ёдда тутинг: кексалар ёшлар борадиган жойларга боради, аммо ёшлар ҳар доим ҳам кексалар борадиган жойларга боравермайди. Дўконингиз доимо ёшлар билан гавжум бўлсин. Буни амалга ошира олсангиз, мижозлар сони ортгани ва ишларингиз кенгайганини кўрасиз. Яна учинчи тоифага мансуб харидорлар ҳам бор.
Уларни қизиқувчилар деб аташ тўғрироқ бўлади. Бу тоифа кишилар дўконга киради, харид қилишни истайди, аммо нима олишни билмайди. Киради, айланиб юради, бирор нарса ёқиб қолсагина сотиб олади. Аммо уларнинг асл мақсади томоша қилишдир. Айниқса, аёллар буюмлари сотиладиган супермаркетларда уларни кўплаб учратиш мумкин. Бундай магазинлар ана шундай харидорлар билан гавжум бўлади. Умумий қоида шу: дўконга кирган ҳар уч аёлдан бири албатта бирор нарса сотиб олади. Баъзи аёллар нарса олиш мақсадида кўчага чиқади. Бироқ ўша нарсани олиш учун улар камида тўрт-бешта дўконга кириб-чиқади ва асосан, витриналари чиройли қилиб безалган магазинларга киради. Яъниг ҳам айланиш, ҳам харид қилиш — аёлларга хос ҳолат. Бу билан аёллар олди-сотдига осонроқ киришади. Бинобарин, улар ўзлари хоҳлаган нарсани топгунча дўконма-дўкон айланишдан сира зерикишмайди. Бу аёллардан биттаси нарса сотиб олса, учтаси сотувчини чарчатади.
Кўп ҳолларда, дўконга кирган аёл мол олиш учун эмас, сиз сотаётган молни бошқа дўкондагиси билан солиштириш ва сифати-ю нархини қиёслаш учун киради.
Аёлларнинг қиёслаши дўкон эгалари ва сотувчилар учун имтиҳондир. Бу имтиҳондан ўтган дўкондор ўз ишининг устаси ҳисобланади ва уни муваффақиятли топширганлар ютади. Кўриб турибсизки, мол сотиш билан балиқ тутиш орасида кўп ҳам фарқ йўқ. Баъзи мавсумда балиқлар ўзини қирғоққа уради ва уларни қармоқсиз ҳам тутиш мумкин. Аммо бундай пайтда кўплаб балиқ тутиш кишининг моҳир балиқчи эканини билдирмайди. Чунки мазкур мавсумда ҳамма балиқчи бўлиб кетади. Баъзан балиқлар қирғоққа яқин келмайди, қармоқни таниб, ёнидан ўтиб кетади ва емни олиб қочади, балиқни ана шу пайтда тута олсангиз, сиз чиндан ҳам уста балиқчисиз. Чунки ҳақиқий балиқчилик балиқларни қорни тўқ ва қирғоқда йўқ пайтида овлай билишдир. Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.