3:19

Аввал мол сифати, кейин нарҳи

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Харидорнинг ҳолатига қараб мол таклиф қилиш билан харидор ва маҳсулотни бир-бирига яқинлаштириб, иккисининг ўртасидаги боғлиқлик яхши бўлишига эришинг. Кийим-кечак сотадиган бўлсангиз, қўйиб беринг, харидор кийимни кийиб кўрсин. Галстук сотувчиси бўлсангиз, аввало, харидор уни бўйнига боғлаб кўрсин, бош кийим сотсангиз, қараб туринг, харидор олдин бир неча бош кийимни кийиб кўрсин. Қўйиб беринг, ўша нарсаларнинг ўзи «гапирсин». Маҳсулотни тилга келтиринг. Сиз уни эмас, у ўзини сотсин.

Энди урф, яъни мода ҳақида ҳам бир оз гаплашамиз. Ҳамма янгиликка қизиқади ва интилади. Деярли ҳамманинг урфга кирган молга ҳуши бор. Бирор қўшиқ урф бўлса, ҳозир буни «хит» деб аташади, ҳамма ўзича уни хиргойи қилиб юради. Ҳамма нарсанинг янгиси танланади ва афзал кўрилади. Молларингиз сўнгги модада бўлса, дўконингизга барчанинг диққатини қарата оласиз. Тижорат дарвозасининг уч қулфи учта олтин калит билан очилади: Маҳсулотнинг хусусияти, харидорнинг ҳолати, ҳамда модани кўз ўнгингизда тута олсангиз тижоратнинг сирларини кашф қила оласиз. Нархдан олдин, узун ва зерикарли изоҳлардан ҳам аввал мода, шахс ва унинг ўзига хосликларидан сўз юритсангиз, даромадингиз 10-25 фоизга ортади. Нархларнинг арзонлигидан гапириш энг аҳмоқона рекламадир.

Ортиқча арзон экани молнинг яхшилигидан далолат эмас. Зеро, арзоннинг шўрваси татимас, дейдилар. Арзон ва сифатсиз молга харидор бир марта келади. Чунки бундай мол бир маротаба сотилади. Арзон кийим бир йилдаёқ эскиб кетади. Қимматроқ ва сифатлироқ кийимлар бўлса, камида беш-олти йил кийилади. Молнинг хусусиятлари яхши бўлишини таъминлаш учун сизга бир формула бераман: Молнинг яроқлилик муддати, плюс харидорнинг дидига тўғри келиши, баробар молнинг хусусиятлари. Тажрибасиз сотувчилар одатда харидорни арзон баҳога ёмон маҳсулотни олишга ундашади. Икки-уч минг сўмга олинган оддий гулдон билан ҳақиқий биллур гулдон орасида фарқ йўқми? Иккови ҳам сизга бир хилда ёқмайди-ку, тўғрими?

Сиз молнинг нархидан олдин шуларни ўйланг: хўш, ҳамма сотувчиларим молнинг бутун хусусиятларини харидорга тақдим қила оладиган савиядами? Ёки фақат унинг арзонлиги ҳақида гапиришади холосми? Шу тариқа сотувчиларингизни элакдан ўтказиб, яхши ва қобилиятлиларини ёмонларидан ажратиш имкониятига эга бўласиз. Дўконингизда тажрибали, малакали ва ҳақиқий сотувчилар бор-йўқлигини билиб оласиз. Сотувчиларингизга берадиган энг катта ва муҳим тавсиянгиз шу бўлиши керак: «Харидорга олдин молни маъқул қил, кейин нархини айт!»

Баъзи сотувчилар ўзлари сотган молни танишмайди ва унга қўйган нархларидан ўзлари ҳам қўрқишади. Сиз ўзингиз қўйган нархдан қўрқиб, қиммат деб ўйлаб турсангиз, харидор ундан қандай қўрқмасин ва қимматсирамасин! Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top