Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Харидорлар сизни ўзларига самимий дўстдек билишлари керак. Уларнинг олдига имкон қадар кўп турдаги мол қўйинг ва қайсинисини ёқтиришни ўзларига ҳавола қилинг. Харидорларингизга пойабзал сотманг, оёкларига роҳат бахш этувчи сайр этиш завқи ва юриш иштиёқини сотинг!
Озиқ-овқат сотманг, соғлик, қон ва жон сотинг! Мебел сотманг, ҳаловатли уй, бахтиёр ва қувноқ муҳит сотинг! Парижнинг катта магазинлари бошқа шаҳарларникига ўхшамайди. Улардаги нарсаларни дунёнинг ҳеч қайси ерида учратмайсиз. Бу ердаги ҳеч бир магазинда, масалан, аёллар кийим-кечаклари харидорга бичиб-тикилган жонсиз мато парчаси сифатида такдим этилмайди. Ҳамма нарсага дид билан ёндашилади. Магазин эмас, худди гузаллик ва дид саройлари дейсиз. Пештахталарда кийим-кечак йўқ, уларни қироличадек гўзал қизлар кийиб юришади. Уларни кўрган харидорлар эса ошиқ бўлишлари тайин.
Молни олгунингизча асло нархидан сўз очилмайди. Уни ёқтириб, сотиб олишга қарор қилганингиздан кейингина баҳосини билиб оласиз. Шунинг учун Парижда байрам либоси олишдан кўра, Лондонда бир уй олиш осонроқ, дейишади. Бу дўконларда нарсалар рассом асарларидек намойиш этилади.
Мисол учун, қизил сочли аёл бу дўконлардан бирига кириб, байрам кийими олмоқчилигини айтса, ҳеч ким унга қизил рангдаги кўйлакни тутқазмайди ва парижлик сотувчи: «Марҳамат, хоним, бунинг нархи минг евро», демайди.
Аксинча, сотувчи олдин бир муддат харидорни кузатади. Сочи, кўзи ва танасининг рангини кўради, ёшини билади. Турган ерида харидорнинг диди ва чўнтаги қандайлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Ана шундан кейин унга энг кўп яраша- диган ва тўғри келадиган кийимни олиб беради. Парижлик сотувчи қиз харидорни бир-икки дақиқа ичида китобдек «ўқиб ташлайди».
Шунинг учун бўлса керак, Париж дўконларидан маросим либоси олиб кийган аёл ўзини ёшарган, гўзал- лашгандек ҳис қилади. Тижоратнинг сеҳри ҳам аслида шу. Бу сеҳр одамга завқ, ёшлик, яшаш ҳиссини беради. Бу ишларни қилган дўкон даромад қилмай қолардими? Шу тариқа ҳаракат қилган дўкондорларнинг ишлари яхши кетмаслиги мумкинми? Шу ўринда бир савол: Парижда қирқ ёшли аёл маросим либоси олиб кийганида, ўзини ўн ёшга ёшаргандек ҳис қилса, либоснинг қиймати кўзига кўринадими? Бу ҳолатда нархнинг аҳамияти қоладими? Бунга эътибор берадими? Сотувчи сизни яхшилаб кўздан кечиради, дидингиз қандайлигини билишга ҳаракат қилади. Ниҳоят сизга шундай бош кийимни олиб берадики, ҳайрон қоласиз, худди фақат сиз учунгина тикилгандай ва албатта уни сотиб оласиз. Ҳақиқатан ҳам, сотувчи сизга жуда ярашадиганини олиб берган бўлади.
Бу айтганларимда мақсад шуки, Париж дўконлари савдоси юриши учун мумкин бўлган барча ишни қилади. Молни «жонлантиради», «гапиртиради»ки унинг руҳиятингизга таъсир қилганини ҳис этасиз ва молни ёқтириб қоласиз. Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.