Ассалому алайкум. Аёл оиласи ҳақида қайғуриши учун, биринчи навбатда унинг ўзи соғлом бўлиши керак. Соғлом аёлгина фарзандлари ва турмуш ўртоғига ғамхўрлик қила олади. Бунинг учун биринчи вазифа, қувватга кириб, тетикланиб олиш! Очиқ ҳаво остидаги исталган хизмат тури ҳаётий фаолликни ошириши тажрибаларда исботланган. Бунинг имкони бўлмаса, (яъни иш фаолиятингиз ёпиқ бино билан боғлиқ бўлса) эрталабки югуриш машқларини (кечиккан пайтларингиздагидек) уйингиз остонасидан офисдаги иш столингизгача бўлган масофада амалга ошириш ярамайди, тушлик вақтидаги оҳиста сайр кифоя. Сайр қилиш мобайнида ўзингизни ҳар нарсага асабийлашавериш каби ҳислардан бўшатинг: нафасни куч билан оғиз бўшлиғидан чиқаринг, сўнгра бурун билан нафас ола туриб, 4 гача сананг, 7-ҳисобгача ўпкангизда ҳавони тутиб туринг, 8-саноқда яна ғайрат билан нафас чиқаринг. Бу машқ қонни кислород билан тўйинтириб, куч-қувватни оширади.
Эрталаб бемажоллик туфайли ўрнингиздан қимирлаш машаққатдек туюладими? Бу вазиятда финжондаги қаҳва муаммо ечими эмас! Бир стакан олма шарбати, бир ҳовуч черника ва бир чой қошиқ спирулина кукунини блендер ёрдамида аралаштиринг — бундай тетиклаштирувчи эликсир иммунитет тизимини ошириш кучига ҳам эга. Муваффақиятни мустаҳкамлашда магний қабул қилишнинг аҳамияти катта бўлиб, у қондаги глюкозанинг қувватга айланиш жараёнида фаол иштирок этади. Иккинчи шарт — озиш! Оҳ, бу майин ва енгил кофтаю кўзни яшнатувчи баҳорий кўйлаклар, ёрқин рангли юбкалар! Кўзгу «қишда жамғарилган» ортиқча килограммларни эслатиб турганида бундай либосларни орзу токчаларига жойлашдан ўзга чора қолмайди. Хўш, қандай қилиб тез фурсат ичида ортиқча вазндан халос бўлиш мумкин? Маълум бўлишича, муолажалар ниҳоятда жўн ва осон.
Иссиқ-совуқ. Яъни контраст — аввал иссиқ (илиқроқ), кейин совуқ душ қабул қилинг. Бу қон айланишини тезлаштириб, мушакларни фаоллаштирувчи, метаболизмни кучайтирувчи энг содда рецепт саналади. Тонгни 1/3 бўлак лимон шарбати аралаштирилган 1 стакан совуқ сув билан қарши олинг. Тезроқ уйғониб, эрталабки ланжлик ҳолатидан чиқишингизда, овқат ҳазм қилиш тизимидан тортиб, организмнинг барча органларини ишга тушириб юборишда ёрдам беради. Орадан 1,5 соат ўтгач, моддалар алмашинуви жараёнининг тезлиги 14% га ошади. Айтганча, бу «қабул» 50 калория қувватни организмдан чиқариб юбориш хусусиятига ҳам эга. Лифт масаласини унутинг. Зинадан кўтарилиш давомида вазнингиз, жисмоний тайёргарлик ҳолати ва ҳаракат тезлигингизга қараб, 1 дақиқада ўртача 5-9 калория қувват сарфлайсиз.
Бошланишига бир кунда икки-уч қават оралиғини ишғол этинг. Иккиланмай ишонаверинг, натижа ўзини узоқ куттирмайди! Кунлик сериал томошаларини 2 соатга қисқартиринг. Парҳезшунослар «Зангори экран» қаршисида 120 дақиқадан зиёд вақт ўтказувчи кишилар 1 соатдан камроқ фурсатли «томошасевар»ларга нисбатан 10% кўпроқ шакар ва калорияларни истеъмол қилиб юборишларини таъкидлашмоқда. Учинчи топшириқ — Ўзингизга оро беринг. Бунинг учун вақтингизни ва бироз маблағингизни ҳам аяманг. Муҳими истак ва қунт бўлса бас. Бунга одатланмаган бўлсангиз, одатланишингизга тўғри келади. Чунки гўзал кўриниш ўз ўзидан бўладиган нарса эмас. Қандай усуллар билан ўзингизга оро беришингиз мумкинлиги ҳақида бизнинг кейинги суҳбатимиздан билиб оласиз. Бизни тинглашни ва бизнинг www.najot.com сайтимизга киришни унутманг.