Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Биз масиҳийлар, ўзимизга қўл келадиган усуллардан фойдаланамиз. Мисол учун биз болалар хизматини якшанба куни эрталаб, катталар учун жамоат йиғилишинини эса кечқурун ўтказишимиз мумкин. Ҳар бир жамоат кун тартибини ва йиғилишлар вақтини ўзига қулай бўлган пайтга белгилайди. Сувга чўмдириш маросими ва сажда тарзи, таълим бериш усули, ўргатиладиган мавзулар тартиби ҳар бир жамоатнинг ўзига ҳосдир. Жамоатлар турли хил усуллардан фойдаланишади ва бунинг ёмон жойи йўқ. Борди–ю, жамоатимизда қўллаган усулларимиз урф–одат тусини олган бўлса эҳтиёт бўлишимиз керак. Агар биз бирор ишни “доим шундай қилар эдик”, деб қилаётган бўлсак, Муқаддас Руҳнинг овозига қулоқларимизни ёпган бўламиз. Янги, аълороқ усулларни ўрганишдан бўйин товлаган бўламиз. Бундай вазиятга тушиб қолганимизда, ҳар қандай ўзгаришни биз хавф–хатар деб биламиз. Борди–ю, қилган ҳар бир ҳаракатимиз Муқаддас Китобдаги қоидаларга асосланса, яхши томонга бўлган ҳар бир ўзгаришни биз хурсандчилик билан қабул қиламиз. Келинг, сизга ошхона билан боғлиқ бўлган бир мисол келтирай.
Хотиним идиш–товоқларни ювганда доимо қуйидагича тартибга риоя қиларди: авваламбор у чуқурроқ бир идишда ишқорли сув тайёрлайди. Бу сувда биринчи навбатда пиёлаларни, сўнг қошиқ–вилкаларни, ундан кейин ликопчаларни, охирида эса қозон ва товаларни ювади. Идиш–товоқларни ювишда бундай тартибга риоя қилиш кераклигини мен асло билмас эдим. Бир куни мен идиш–товоқларни қозон ювишдан бошладим. Буни кўриб қолган хотиним мени койиб шундай деди: “Идиш ювиш орқали биз идишларни нафақат қолдиқ овқатлардан тозалаймиз, балки уларни дезинфекция ҳам қиламиз. Шунинг учун биринчи навбатда оғизга оладиган идишларни тозалашимиз керак, булар пиёлалар ва қошиқ–вилкалар, сўнг ликопчалар ва косаларни ювиш керак, қозон ва товалар эса охирги навбатда ювилади, чунки улар оловда қиздирилганда автоматик равишда дезинфекция бўлади.” Қоидаси шундай. Шунинг учун унга риоя қилиш керак эди. Ўша кундан бери мен доим ўша тартибга риоя қилиб, биринчи навбатда пиёлаларни, сўнг қолган идишларни юваман. Мен буни хотинимдан қўрққаним учун эмас, балки идиш ювиш қоидасининг асосини тушуниб олганим учун, ўша қоидага ишонч ҳосил қилганим учун шундай қиламан. Ишонч қачон пайдо бўлади? Қачонки биз бирор бир қоиданинг асосини тушуниб олсак, ўша қоидага ишонч ҳосил қиламиз.
Қўллаган усулимиз эса ишонч ҳосил қилмайди. Имонга янги келган шогирдлар кўпинча нима иш қилаётганимизни ва нима учун шундай қилаётганимизни яқиндан кузатиб туришади ва бунинг натижасида ўз қадриятларини шакллантиришади. Улар кўпинча ўз саволларини “Нимага?” деган сўроқ билан бошлашади. Бундай саволларга жавоб топиш осон эмас, бироқ бу каби саволларни жавобсиз қолдирманг. Шогирдингизнинг саволига савол билан жавоб беринг. Уни мулоҳаза қилишга ўргатинг. Ундан: “Сокин вақтни қандай қилиб ўтказса яхшироқ?” деб сўранг. “Нима деб ўйлайсан, Муқаддас Китобни нима учун ўрганишимиз керак?”, “Бу муаммони ечишнинг бошқа йўллари борми?” — деб савол беринг. Бу каби саволлар шогирдингизни мулоҳаза қилишга чорлайди, масалани тушунишга ва ишонч ҳосил қилишга ёрдам беради. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.