Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Муқаддас Руҳ имонлиларга инъомлар улашиш орқали Масиҳнинг илтижосини ижобат қилиб, жамоатга бирлик олиб келмоқчи эди. Муқаддас Руҳ ҳамма инъомларни бир одамга бермай, уларни барча масиҳийлар орасида тенг тарқатганди. Шу орқали Руҳ ҳар бир имонли одам муҳим эканлигини кўрсатмоқчи эди. Демак, жамоат тўла–тўккис бўлиши учун жамоатнинг ҳар бир аъзоси ўз ҳиссасини қўшиши керак, ҳамма масиҳийлар бир–бири билан ўзаро боғлиқ бўлишлари даркор. Биз ҳаммамиз бир–биримизга муҳтожмиз, чунки бир ўзимиз ҳамма инъомларга эга эмасмиз.
Жамоатга бирлик олиб келиш учун Худо шу йўлни танлаган эди. Бироқ жамоатларимизга кириб келган баъзи муаммолар бирликка путур етказмоқда. Кўп муаммолар янги масиҳийларнинг ўтмиши билан боғлиқ. Ҳозирги кунда имонга келган кўп одамларнинг дунёқараши борлиқ назариясига асосланган, улар ҳаётда ҳамма нарсани татиб кўриш керак, деб ишонишади. Ҳаётнинг асл мақсадини топиш учун наша чекишади, ишқий саргузаштларга берилишади, ҳеч бўлмаганда, булар ҳақида ҳазил қилишади. Ҳаётдаги “тажриба орттириш” деган бу нотўғри тушунча жамоатларга ҳам кириб келган.
Ушбу иллат турли хил кўринишларга эга, улардан бири — Муқаддас Руҳдан энг аъло инъомларни олишга ҳаракат қилиш. Жамоатларда инъомлар билан боғлиқ бўлган бошқа бир муаммо бу — одамлар ўзларини бошқалар билан солиштиргани учун ёки бошқалардан устун бўлмоқчи бўлгани учун, инъомлар олишни хоҳлаб қолишади. Бошқаларда йўқ инъом менда бўлса, мен ўзимни улардан устун тутаман. Борди–ю, бирон одамда менда йўқ инъом бўлса, мен унга ҳасад қиламан. Бирлик келтириш учун мўлжалланган инъомлар биродарлар орасида адоватга сабаб бўлди. Бундай адоват севгининг йўқлигидан далолат беради. Павлус Коринфликларга йўллаган 1–мактубининг, 13–бобидаги севги мавзусига бағишлаган парчада айнан шу масалани кўтарган эди. 12 ва 14–бобларда эса инъомлар ҳақида сўз юритганди.
Инъомлар билан боғлиқ бўлган яна битта муаммо бу — кўп масиҳийларнинг қайси инъомларга эга эканликларини билмасликлари. Улар “инъомим бўлиши керак”, деб ишонадилар, чунки буни Муқаддас Китобдан билиб олганлар. Бироқ улардан: “Қандай инъомларингиз бор?” — деб сўрасангиз, улар саволингизга жавоб бера олмайдилар. Биз янги шогирдларни ўстирар эканмиз, асосий мақсадларимиздан бири — уларга инъомларини топиш ва ривожлантиришга ёрдам беришдан иборат. Зотан, Худо ҳар бир масиҳийга инъомлар берган.
Ҳар биримиз олган инъомларимизни ривожлантиришга ва жамоат фаровонлиги учун уларни ишлатишга жавобгармиз. Биз янги масиҳийларни шунчаки дастурга риоя қилаётган ва шогирд орттираётган техник хизматчиси қилмоқчи эмасмиз. Аксинча, уларнинг инъомларини ривожлантирмоқчимиз, токи улар етук аёл ва эркаклар бўлсинлар. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.