Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Мен ўқиб юрган пайтимда ҳаётимнинг маъноси ва мақсади ҳақида кўп ўйланиб юрардим. Қалбимда катта бир бўшлиқ бор эди. Мен ўша бўшлиқни кўзим билан кўра олмасдим, аммо унинг борлигини сезар эдим. Шунда мен Шерзод деган бир одамни учратиб қолдим. У менга қалбимдаги бўшлиқни Исо Масиҳ билан тўлдиришни таклиф қилди. Қодир Худо ҳаётимга кириб, юрагимда маскан қилиши мен учун янги бир ғоя эди. Мен Шерзоднинг гапларини эшитар эканман, ичимда шундай ўйлар эдим: “Карим, бу таклифдан воз кечсанг, ғирт аҳмоқлик қилган бўласан. Худонинг Ўзи, Яратгувчи еру осмонни яратган Зот ҳаётимга кирмоқчи бўлса–ю, мен ноз қилсам. Юлдузларни коинот қучоғига отган, бутун борлиқни яратган Худонинг Ўзи юрагимда яшамоқчи–я!” Ўша куни Шерзоднинг меҳмонхонасида мен тиз чўкиб, Масиҳни Нажоткорим, деб қабул қилдим. Нима бўлаётганини ўзим ҳам яхши тушунмас эдим, лекин мен ўзгарган эдим, ўша дақиқадан кейин аввалги Карим эмасдим. Ичимдаги бўшлиқ тўлди. Мен ўзимга шундай саволлар бера бошладим: “Ҳаётнинг мазмуни нима? Ҳаётда нима муҳим? Мен ўз ҳаётимни нимага бағишлашим керак? Шу пайтнинг ўзида Муқаддас Китобни титкилаб, саволларимга жавоб топишга уринардим. У ерда шундай ёзилган эди: “Кечаси ўғри қандай келса, Раббимизнинг маҳшар куни ҳам худди шундай ногаҳон келиб қолади. У куни осмон гумбурлаб тамом бўлади, моддий унсурлар қизиб, эриб кетади, ер ва унда қилинган ҳар бир иш кулга айланади.” Оятдаги “кулга айланади” деган ибора миямга ўрнашиб қолди. Менинг касбим инженер. Бу касбни таналашимга бир сабаб бор эди: илгарилари мен Джиззах тоғларида қурилиш гуруҳида ишлар эдим. Бу жуда қийин иш эди. Менга эса тер тўкиб ишлаш ёқмасди. Ишлаган пайтимда онда–сонда ўтиб кетаётган инженерларни кўриб қолар эдим. Улар ўзларини қаттиқ ишлаётгандек кўрсатишарди. Узун чизғич кўтариб юришарди. Мен эса: “Уларнинг иши зўр!” деб, уларга ҳавас билан қарар эдим. Шунда мен ҳам инженер бўлишга қарор қилдим: “Уларга ўхшаб, кўксимни ғоздай кериб юраман, қўлимга чизғич олиб, бошқаларга иш буюраман”, — деб ўзимга айтдим. Мен инженер бўлиб, кўприк, дамбалар ва трассаларни қуришни орзу қилардим. Бироқ 2 Бутрус 3-боб, 10-оятни ўқиганимдан кейин, нафасим ичимга қайтиб кетди. Мен қураман, деб орзу қилган ҳамма нарсани Худо бузиб ташлашини ўшанда тушундим. Руҳим чўкиб кетди. Агар Худо мен ясаган кўприкни бузиб ташлайдиган бўлса, уни қуриб нима қиламан, деб ўйладим. Худо ёндириб кул қиладиган нарсаларга умримни бағишлаб нима қиламан?! Мен бу мавзуни ўрганишда давом этдим, шунда ундан баттар тушкунликка тушдим. 1 Тимўтийда шундай ёзилганди: “Ҳақиқатан ҳам, қаноатли киши учун художўйликдан фойда жуда катта. Биз дунёга ҳеч нарса келтирмадик, ундан ҳеч нарса олиб кетолмаслигимиз ҳам аниқ. Ейиш учун ризқ-рўз ва кийиш учун кийим бўлса, шулар билан қаноат ҳосил қилайлик.” Бу оятни ўқиганимдан кейин кўзим олдига шундай манзара келди: мен бу дунёга бўш қўл билан келдим. Кўпригу дамбалар қурдим. Худо эса орқамдан юриб, мен қурган ҳамма нарсага ўт қўйиб, кул қилди. Мен дунёдан кетаётганимда қандай келган бўлсам, шундайлигича, бўш қўл билан кетдим. Нақадар аянчли манзара! Шунда мен Худога ёлвордим: “Эй Худо, мен умримни беҳуда нарсаларга сарф қилмоқчи эмасман. Сен ёндириб, йўқ қиладиган нарсаларга етмиш йил умримни бағишлаб нима қиламан?!” Ҳаёт учун Худонинг мақсади, мазмуни, йўналиши бордир, ахир! Худо йўқ қилиб юбормайдиган нарсалар мавжуд бўлса керак. Мен бу саволларга жавобни Муқаддас Китобдан топишга уринардим. Ўзимни ўшаларга бағишлашга қарор қилдим. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.