Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Сизлар билан радио тўлқинларимизда яна дийдорлашганимиздан бениҳоя шодмиз. Агар билсангиз, биз қадим халқларнинг қизиқ ва бизга ғалати туюлган одатларини ўрганишни ва буни сизларнинг ҳам эътиборингизга ҳавола этишни ёқтирамиз. Бугун ҳам сизларга қадим Иброний халқининг бир қизиқ одати – оёқ кийимини алмаштириш одати ҳақида сўзлаб беришга қарор қилдик. Биласизми, бу чиндан ҳам жуда қизиқ одат. Биринчи марта Рут китобида ёзилган бу одат ҳақида ўқиганимда жуда ҳайрон қолган эдим. Биласизки, Худованд Қонунлар китобида Ўз халқига бир қанча қонунлар берган, аммо ибронийларнинг бу одатида Худонинг режаси бор йўқлигини билолмаймиз. Халқ албатта Худонинг қонунларига амал қилган, бироқ бу воқеадан халқнинг ўзи ҳам баъзи ғалати одатлар ва қоидаларни ишлаб чиққанини кўришимиз мумкин.
Narrator 2 “чориғини ечиб бошқасига бериш” удуми, бирор бир киши ўз ерига бўлган ҳуқуқини бошқа бирига беришга рози эканини тасдиқлайди. Худованд шу одатга тегишли бир амрни берган, аммо бу амр умумий қилиб, бошқа бир шаклда келтирилган. Қонунлар китоби 25 бобда шундай ёзилган: “Агар бирга яшаётган ака–укаларнинг биттаси ўлсаю унинг ўғли бўлмаса, марҳумнинг хотини бегонага турмушга чиқмасин. Марҳумнинг акаси ёки укаси бевани ўзига хотин қилиб олсин. Унинг олдида қайноғалик вазифасини бажарсин. Ўша аёл туққан тўнғич ўғил марҳум ака ёки уканинг номини олиб юради. Шунда марҳумнинг номи Исроилдан ўчиб кетмайди. Агар ўша одам марҳум акаси ёки укасининг бевасига уйланишни хоҳламаса, бева аёл шаҳар дарвозасига бориб, оқсоқолларга айтсин: “Қайноғам туғишганининг номини Исроил халқи орасида тиклашни рад қиляпти, мен учун қайноғалик вазифасини бажаришни истамаяпти.”
Narrator 1 Шунда шаҳар оқсоқоллари ўша одамни чақириб, у билан суҳбатлашсин. Агар ўша одам: “Мен бу аёлга уйланишни хоҳламайман”, деб туриб олса, бева аёл қайноғасининг ёнига борсин. Шаҳар оқсоқоллари олдида унинг чориғини ечсин, сўнг унинг юзига тупуриб, айтсин: “Биродарининг наслини тиклашни хоҳламаган одамга шундай қилинади.” Исроил халқи орасида у одамнинг хонадони “чориғи ечкизилган” деб ном олади.” Бир нарса аниқки, халқ кейинчалик бу “чориқ ечиш ёки ечиб бериш” удумини мол-мулк айрибошлашга ҳам ишлатишни бошлагандир. Бу ерда Худонинг амр қилганига кўра ҳолат юз бермаган, аксинча улар ўз удумларига кўра мол-мулк ва қариндошининг рафиқасини ўз ихтиёрига ўтказиш ҳақида келишув олиб бораяптилар. Демак, уларнинг одатига кўра, бирор бир киши ўлса ва хотини фарзанд кўрмай бева қолса, бу бевани мол-мулки билан бирга энг яқин қариндоши олиши керак бўлган.
Narrator 2 Рутнинг марҳум эрини яқин қариндоши бундай қилишни истамаслигини ва ўзининг энг яқин қариндошлик ҳуқуқини бошқа бир қариндошга бераётганини кўрсатиш мақсадида, “чориғини ечиб” берган. Шу билан у “ўз ҳуқуқимдан фойдаланиш ҳуқуқини унга бераман”, деди. Айтишларича, яҳудийларда бугун ҳам шунга ўхшаш удум бор экан. Раббий Йархининг айтишича, бугун бирор нима сотиб олишганда оёқ кийим эмас рўмолча ёки рўмол берилар экан. Бу ҳикояда Худонинг буйруғига кўра, Рутнинг ўзи келиб марҳумнинг шажарасини давом эттиришни талаб қилиши мумкин эди. Бироқ бу ерда Каломда ёзилганидек, ҳеч ким ҳали бунга қарши бўлмагани учун Боазнинг ўзи Рутни қолдириб, бу масалани ҳал қилишга киришди. Бу ҳикояда Боазнинг тўғри иш қилишни истаган одам бўлганини кўришимиз мумкин. У ўз халқининг удумларини ҳурмат қилган ҳолда, софдиллик билан бу таклифни бошқаларнинг гувоҳлигида яқин қариндошга берди.