Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Ҳар биримизда у ёки бу нарсани ёдимиздан чиқариб қўйганимиздан ҳафа бўлган пайтларимиз бўлган. Кўпинча эслаб қолиш учун ёдда сақлаш керак бўлган материални бир неча марта ўқиб чиқиб, қайтаришга ҳаракат қиламиз. Баъзилар эса бирор қисқароқ маълумотни эслаб қолиш учун, бошқа бир нарсага боғлашга ҳаракат қилишади. Хуллас, маълумотни ёдда сақлаб қолиш осон эмас. Бироқ, бугун эслаб қолишнинг бошқача бир усулини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ахборотни керак бўлганида эслаш осон бўлиши учун уни бошиданоқ тўғри тизимга солиш ва сиздаги мавжуд билимлар билан боғлаш лозим. Амалиётда материалдан фойдаланиб, иложи борича унга тез-тез қайтиб туриш муҳим. Маълумотни ўрганиш учун вақтнинг 50 фоизини сарфланг, қолган 50 фоизини эса уни қайта ишлашга бағишлаш лозим. Китобдаги маълумотни ёдда сақлаш учун уни бошидан охиригача ўқиб чиқишнинг ўзи етарли эмас.
Narrator 2 Ҳатто икки ёки уч марта такрорлаш ҳам самара бермайди. Шунинг учун ҳам вақтни бекорга сарфламанг ва барини бир кунда ўзлаштиришга ҳаракат қилманг. Бир неча бўлимни ўқиб чиқинг, вақтнинг қолган қисмини эса материални бирор кимсага ҳикоя қилиш ва муҳокама учун сарфланг ёки ўзингиз билиб олган асосий жиҳатларни ёзиб чиқинг. Ана ўшанда ўқилган нарсани яхшироқ эслаб қоласиз. Тадқиқотларга кўра, ўқувчилар олинган маълумотдан дарҳол фойдаланишганида ёки уни кимгадир тушунтирганларида ахборотнинг 90 фоизига яқинини хотирада сақлаб қолишади. Сабаби – буни амалга ошириш учун мияни ишга солиш, материал ҳақида фикр юритиш ва уни қайтадан баён этиш керак. Америкалик журналист ва публицист Дэниел Койл ўз китобида ўнта саҳифани ўқигач, уни ёпиб, ўқилган маълумотлар ҳақида ўз фикрини ёзма баён этадиганлар бошқаларга қараганда материалнинг 50 фоизидан ортиғини эслаб қолиши ҳақида ҳикоя қилади.
Narrator 1 Гап бу жараён учун сарф этиладиган саъй-ҳаракатда: ахборот билан ишлашда у қанча кўп бўлса, ўқиш-ўрганиш жараёни ҳам яхшироқ ўтади. Юзаки мутолаа ва оддий такрорлаш сиздан деярли ҳеч нарса талаб қилмайди. Қайдлар ёки ҳикоя қилиш учун эса асосий жойларини аниқлаш, қайта ишлаш ва тартибга солиш керак бўлади. Хўш, бу усулни қандай қўллаймиз? Эслаб қолишингиз керак бўлган материалларни ўқиётганингизда ёнингизда дафтар ва ручка бўлсин. Чунки конспектлар ёзишингизга тўғри келади. Ҳар сафар бирор янги нарсани ўрганганда, яхши китобдан бир бўлимини ўқиб тугатганда ёки муҳим маърузани тинглаганда бироз вақт ажратинг ва асосий ғояларни ёзиб олинг. Энг яхшиси – бевосита ўрганиш жараёнида қайдларни ёзиб бориш. Ўрганилган нарсага яна қайтганда эсдан чиқариш жараёнини узасиз ва мияга янги ахборотни эслаб қолишда ёрдам берасиз.
Narrator 2 Психологлар буни синовдан ўтказиш таъсири деб атайдилар. Материални ўзга кишиларга тушунтиринг. Мавзу ҳақида ўзингиз етарлича маълумотга эга эмаслигингиздан хавотирланманг. Бу муҳим эмас. Муҳими – ўзингиз ўрганган ва ўзгалар билан бўлишиладиган ахборотга диққатни қаратиш. Блог юритиш ва унда ўзингиз ўрганган янги ғояларни ёзиб бориш мумкин. Айтганча, бу ажойиб фикр. Тез-тез ўз бллогингизга кириб, ёзиб қўйганларингизга бир кўз югуртириш ҳам эслаб қолишнинг самарали усули. Подкастлар ёзиш ёки видеолар яратиш ва билимларингизни YouTube’да ўртоқлашишга ҳаракат қилинг. Ўқувчи ва тингловчиларингиз бўлиш бўлмаслигидан қатъий-назар ривожланишга гувоҳ бўласиз.