3:38

Шахс психологияси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Психологияда шахс ўзининг йўналганлиги ва қобилияти билан характерланади. Йўналганлиги дейилганда, одам эҳтиёжлари, қизиқишлари, истаклари, мойиллиги, эътиқоди, орзулари ва дунёқараши тушунилади. Замонавий, маданиятли кишиларнинг қизиқишлари турли-туман бўлади. Қизиқишлар ёшга қараб ўзгариб боради. Уч ёшдан беш ёшгача бўлган соғлом болаларда ҳамма нарсани билишга қизиқиш яққол ифодаланган бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг саволлари «Бу нима?», «нега?», «нима учун?» дан иборат бўлади. Мактабгача ёшда ўйинчоқларга, улар билан ўйнашга ва мазмунли ўйинларга қизиқиш уйғонади. Худди шу даврда болада расм солишга, жонли табиат ва ҳайвонларга қизиқиш пайдо бўлади. Кейин эртакларга, фантастика, кулги, ҳазил-мутойибаларга ҳам қизиқиш уйғонади. Ўқиш ва айрим фанларга (математика, мусиқа, расм солиш, шеър тўқиш) қизиқиш умуман анча эрта ривожланади.

Narrator 2 Бу қизиқишлар вақтинчалик ва доимий бўлиши мумкин. Техника ва спортга қизиқиш ҳам бирмунча эрта пайдо бўлади. Бадиий адабиётларга қизиқишнинг ўзига хос қонуниятлари бор: авваламбор эртакларга, сўнг эса саргузашт, фантастик, детектив адабиётларга, сўнгра романтика, жинслар орасидаги муносабатларга ва сиёсатга қизиқиш пайдо бўлади. Лекин баъзи қизиқишлар параллел ҳолда кузатилиши ҳам мумкин. Қизиқишлар одамнинг дидига ҳам боғлиқ. Дид одам ҳаётининг турли даврларида, гоҳо эрта, гоҳо эса кеч шаклланади. Дунёқараш ва фалсафа масалалари ва ҳаёт мазмунига қизиқишлар кўпинча, қарийб йигирма ёшда пайдо бўлади. Қизиқишларнинг туридан ташқари, уларнинг ижтимоий мавқеи ва кенглиги ҳам аҳамиятлидир. Қизиқиши чегараланган одамлар фақат ўз ҳунари билан чекланиб қолади. Қолганларининг ҳаммаси деярли уларни қизиқтирмайди. Қизиқиш доираси кенг бўлган одам кўпроқ билишга интилади.

Narrator 1 У фан-техниканинг турли хил соҳаларини эгаллаб, ижтимоий-сиёсий масалалар, санъат, спорт билан қизиқади. Лекин санаб ўтилган барча қизиқишлар бир хил қимматга эга бўлмайди. Улардан бири асосий, қолганлари иккинчи даражали аҳамиятга эга бўлади. Чунончи, врач учун қуйидаги фанлар — анатомия, терапия, фармакология, психология энг диққатга сазовор саналса, бу эса унга сиёсат, мусиқа, спорт, шеърият, ов қилиш билан қизиқишга халақит бермайди. Қизиқишларнинг барқарорлиги ҳам аҳамиятлидир. Баъзи бир одамларда уларнинг асосий қизиқишлари умрбод ҳамроҳ бўлади, бошқаларда тез пайдо бўлиб, ўтади-кетади. Психопатияларда, кўпинча, қизиқишлар беқарор бўлади. Натижада, киши шунчаки қизиқувчан бўлиб қолади, амалда эса ҳеч бир фаол иш қилмайди ёки чала бажаради. Қизиқишлар кучли ва суст бўлиши мумкин. Кучли қизиққан одам тўсиқларни енга олади, керак бўлса, қурбон бўлади.

Narrator 2 Одам шахсига батафсил таъриф бериш учун унинг қизиқишларини чуқур ўрганиш зарур. Буюк шахслар ўз ақл-заковати ва илми билан, кўпинча, авлиё даражасигача етишган. Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбандий, Нажмиддин Кубро, Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Имом Бухорий каби алломаларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ҳар бир одамнинг дунёқараши кўпроқ унинг бирор мақсадга интилгани, тарбияси, орттирган билимлари ва ҳаёт тажрибасига боғлиқ. Ижтимоий-тарихий шарт-шароитлар кишининг дунёқараши шаклланишида муҳим ўрин тутади. Агар кишининг дунёқараши жамиятда кечаётган салбий жараёнларга мос келмаса ва шундай бўлса-да, бу жараёнлар ижобий деб тан олинса, бу ҳолат шахснинг жамиятга ва атрофдагиларга бўлган муносабатини бутунлай ўзгартириб юборади. Шунинг учун ҳам буюк шахслар (Чўлпон, Фитрат ва бошқалар) ўз замонасининг қурбони бўлишган ёки қатағон қилинган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top