3:47

Худованд менинг Отам

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳаётимизда ота меҳрини кўрмай қийналган фарзандлар гувоҳлигини кўп эшитамиз. Бугун ҳам ана шундай биродарлардан бири ўз гувоҳлигини биз билан бўлишади. У шундай дейди: “Ёшлигимдан отамнинг қандайлигини эслай олмайман. Фақат эсимда қолгани У ҳақидаги ўзим ўйлаб чиқарган ҳотиралар ва ниятлар. Отам мени яхши кўриши керак. У ҳозир узоқда қамоқда, аммо келгач, мени яхши кўради ва бағрига босади.” “Отам нима сабабдан қамоққа тушганини билмайман. Аммо мен ёшлигимда отам қамоққа тушди, онам эса у билан ажрашиб, бошқа одамга турмушга чиқиб кетди. Мени бувимнинг ва амакимнинг қўлида қолдирди. Онамнинг мени ташлаб, бошқа одамга турмушга чиқиб кетгани менга жуда оғриқли бўлди. Отам йўқ эди, аммо онам ҳам мени яхши кўрмай, бошқа одамни маъқул кўрди, дея жуда сиқилиб яшадим. Мени яхши кўрадиган ҳеч ким йўқдай эди.

Narrator 2 Амаким ўз оиласи билан овора, бувимнинг эса менсиз ҳам ишлари ва ташвишлари бисёр эди. Мен доим қаровсиз ва эътиборсиз ўсардим. Қийналган пайтларимда ўзим ётадиган хонанинг ҳеч ким кўрмайдиган бурчагига бориб, деворга Худога ибодатларимни ўйиб ёзардим, “Худованд фақат Сен менинг паноҳимсан, Сендан бошқа ҳеч кимим йўқ. Фақат Сен менга ёрдам бера оласан”, деб ёзардим. Кичиклигимдан ҳеч ким мени севмагани учунми, жуда камгап ва камсуқум бўлиб ўсдим. Мактабда ҳам яхши ўзлаштира олмадим. Яхши ўқимаганим учун, тенгдошларим ҳам мени масҳара қилишарди, ўқитувчиларим ҳам менга қўпол муносабатда бўлишарди. Ҳуллас, ўзимни ҳеч кимга кераксиздай ҳис қилардим. 12 ёшга тўлганимда дадам қамоқдан келадиган бўлди. Унинг келишига жуда тайёрландим. Келганида менга совға олиб келади, мени бағрига босиб, “Қизим, сени жуда яхши кўраман, сени соғиндим”, деб айтади, деб орзу қилардим.

Narrator 1 Аммо келадиган куни уйимизга қариндошлар тўлиб кетди. Уларнинг ортида қолиб кетдим. Дадам ҳамма билан кўришди. Ҳаммага совға-салом олиб келган. Бироқ мени унутибди. Менга совға олмабди. Ҳамма билан кўришаётиб, бувим “Бу сени қизинг”, деди. У ҳамма билан кўришди-да, менга бир қараб қўйиб, кўришмай уйга кириб кетди. Мен нима қилишимни ҳам билмай қолдим. Орзуларим, дадам ҳақида қилган ниятларим ва умидларим бирданига чил-чил синди. Мен яна бир марта зарба олдим. Онам ташлаб кетганида кичкина эдимми ёки унинг зарбаси унутилган эдими, отамдан олган бу зарбам жуда қаттиқдек, кўтариб бўлмасдек туюлди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, 16 ёшимда мендан сўраб ҳам ўтирмай, мени турмушга беришди. Эрим билан бир неча йил яшаб икки қизлик бўлдим. Бироқ турмушимиз зўрама-зўраки эди. У мени ёқтирмасди. Уйидагилар ҳам. Уларга келин, уйга хизматкор керак эди, ҳолос.

Narrator 2 Охири жанжалларнинг кети кўринмагач, эримдан ажралиб, яна болаларим билан бувимникига келдим. Бувимга мол-қўй боқишга ёрдам бердим. Бир куни уйимизга, бувимнинг узоқ қариндошлари келиб қолишди. Уларга чой дамлаб, олдиларига овқат қўйдим. Шу орада улар менга Исо Масиҳ ва Унинг нажоти ҳақида айтишди. Мен уларни ақлдан озган деб ўйладим. “Қандай ақли соғ одам ўз динини ташлаб, бошқа динни қабул қилади”, деб ўйладим. Уларнинг олдига бошқа кирмадим. Улар менга кичкина Инжил китобини ташлаб кетишди. Тез-тез ҳаёлимга уларнинг айтганлари келарди. Бир куни қўй боқишга чиқиб кетаётиб бу китобни ҳам чўнтагимга солиб олдим. Қўйлар ўтлаб юрганидан фойдаланиб, китобни очиб ўқий бошладим. Ўқир эканман, ундаги сўзлар юрагимга малҳамдай оқиб кира бошлади. Неча соат ўқиганимни билмайман, бир хушҳабар китобини охиригача ўқиб тугатибман. Бошимни китобдан кўтариб қарасам, кўзларимдан шошқатор ёшлар оқаяпти. Қўйларим эсимга тушди. Улар ҳеч қаерга кетмай, бир жойга тўпланиб ётишарди. ”

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top