Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугунги дастуримизда яна бир нажот топган биродарнинг гувоҳлигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. У гувоҳлигини шундай бошлайди: “Мен оддий ўқитувчи оиласида улғайганман. Аммо ёшлигимда бошимдан кечган бир воқеа сабаб, бошқа туғишганларим каби олий маълумот ололмадим. 1 синфни тугатиш арафасида бобом келиб мени қишлоққа олиб кетди. Қишлоқ автобусидан тушиб, йўлнинг нариги томонига тезроқ ўтиб оламан деб, автоҳалокатга учрадим. Кўзимни очганимда ренимацияда оёқларим белимгача гипс қилинган ҳолатда эдим. Шу ёз ва кузда мактабга чиқмадим. Кейин гипсимни ечишганида оёғим нотўғри операция ва гипс қилингани маълум бўлди. Суяк битган, аммо нотўғри битган эди. Оёғимга оёқ кийим кия олмасдим. Яна Тошкентга шифохонага олиб келишди. Бу сафар суякларимни синдириб бошқатдан операция қилиб, суякларимни тўғри териб чиқишди, сонимдан тери кўчириб, оёғимга қоплашди.
Narrator 2 Узоқ вақт шифоҳонада ётдим. Хуллас 2 синфни ҳам битира олмадим. Уйга келгач, уйда бир қанча вақт ётдим. Тўртинчи синфгача, кўп вақтим шифоҳоналарда ўтган. Тўртинчи синфни амаллаб битирдим. Сўнг эса охирги синфгача баҳоларим зўрғаттан 3 бўлди. Мактабни битириб, Фарғонага Маиший-хизмат кўрсатиш техникумига ўқишга кирдим. Тикувчилик соҳасини битирдим. Кейин эса турмушга беришди. Турмуш шу эканда, деб нима айтишса кўниб, итоатли аёл бўлиб яшаб юрдим. Шундай пайтларнинг бирида, синглим уйимизга келиб, менга ва болаларимга ўзбекча Инжил ташлаб кетди. Мени эса бу китобни ўқишга вақтим бўлмасди. Охири Худованд ҳаётимда бир даҳшатли воқеани бўлишига йўл қўйди. Шундан сўнг, эрим билан ажрашдим. Эрим иккита болани, мен иккита болани олиб қолдим. Шундан сўнг, синглим яна тез-тез ўша китоб ҳақида гапириб берди. Яна китоб олиб келди. Қизим бу китобни ўқиб чиқди.
Narrator 1 Мен ҳам ўқидим. Аммо ўқиганларимга тушунмасдим. Онамникида турган пайтларимда тез-тез шаҳарга синглимникига келиб турдим. У билан узоқ суҳбатларимиз чоғида у менга яратилиш, пайғамбарлар ҳақида гапирарди. Менинг бу ҳақидаги билимларим бойигандан бойиб борди. Бир куни мен синглим билан бирга унинг оилавий дўстиникига меҳмонга бордик. Мезбон мендан Худо ҳақидаги фикримни сўради. Мен тушунганимча жавоб бердим. Аммо биламанки, бу тушунганларим ҳеч нарса эмас эди. Мен ёшлигимдан китоб ўқимаганим учун ҳатто фикрларимни ҳам ифода этишга қодир эмас эдим. Ҳижолат бўлиб, чала-чулпа Худо ҳақидаги фикрларимни айтиб бердим. У менга, “Ўлганингиздан кейин қаерга борасиз, жаннатгами ё дўзахгами?”, деб сўради. Мен тўхтаб қолдим. Нима деб жавоб беришни билмасдим. Бу ҳақида ҳеч ҳам ўйламаган эканман, дедим. У эса инсон ўз савоб ишлари билан Худони рози қилолмаслигини, бунинг учун ҳар бир инсон ўз ўлими билан тўлов тўлаши кераклигини айтди.
Narrator 2 Мен умидсизликка тушдим. Аммо у сўзини давом эттириб деди: “Бироқ Худо биз учун Солиҳ Қўзини аллақачон қурбонликка келтириб бўлган. Агар бу Қурбонлик Қўзиси бизнинг гуноҳларимиз учун ўлганига ишонсак, гуноҳларимиз кечирилади”, деди. Мен унинг кимлигига қизиқдим. Охиригача эшитсам, У ўша синглим айтган Исо Масиҳ экан. Мен суҳбат охирини ҳам кутиб ўтирмай, “Қабул қиламан”, дедим. Унинг саволлари менинг юрагимни тешиб ўтган эди. Мен бу ҳаётда кўп қийинчилик кўрдим, энди ҳеч бўлмаса ўлганимдан кейин, жаннатда Худонинг олдида яшай, дедим. Шундай қилиб, ўша куни Худони ҳаётимга қабул қилдим. Унинг нажотини қабул қилдим. Энди биламан-ки, Худованд менинг чўпоним, ҳаётимнинг эгаси. У қандай истаса, мени шундай одам қилиб ўзгартира олади.