Ассалому алайкум. Eрталаб уйқудан барвақт уйғониш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Айниқса, одам уйқуга кеч ётганда, буни уддалаш мушкул. Ўзи нима учун эрта туриш керак? Бу шунчалик муҳимми? Одамлар ўз ишлари, кун тартибларига кўра эрталаб қачон уйқудан туришни ўзлари ҳал қилса бўлмайдими? Бўлади. Аслида ҳам кўпчилик шундай қилади. Лекин эрта туриш зарур бўла туриб, буни эплолмайдиганлар бор. Кеч туриши оқибатида ишга, ўқишга кеч қолиб, раҳбариятдан дакки эшитиб юрадиганлар қанча орамизда?! Биз бу ерда айни шу мавзу атрофида фикр юритмоқчимиз. Eрта туришнинг фойдалари кўп. Масалан, сиз ҳар куни эрталаб соат 7:00 да уйқудан турасиз. Тасаввур қилинг, сиз шуни бир соат олдинга сурдингиз. Энди еттида эмас, олтида туряпсиз. Ҳар куни уйқуда ўтадиган умрингизнинг бир соати реал жонли ҳаётингизга қўшилади.
Бир соат ичида одам кўп иш бажара олади. Масалан, 60 дақиқада 100 саҳифагача китоб ўқиш мумкин. Ҳар куни эрталаб бир соатдан мутолаа қилинса, уч кунда катта бир китобни ўқиб битириш мумкин. Барвақт туриш ҳисобига қўлга киритилган вақт ҳисоб-китоб қилинганда эса, ойда ўттиз соат, бир йилда 360 соат фойдали вақтга эга бўласиз. Бу дегани, нақд 15 кунни тежаб қоласиз. Ўҳҳў, бу кунлардан самарали фойдалансангиз борми… 15 кунни худди кўз-юмиб очгунча муддатда ўтиб кетадиган уйқу билан барбод қилган яхшими ёки унумлироқ бирор машғулот билан банд бўлиб, умрингизни яна ярим ойга узайтирганингиз маъқулми? Албатта, ақлли киши иккинчисини танлайди.
Руҳшунослар инсонларни биоритмларига кўра «тўрғай» (эрталаб бемалол вақтли уйғониб, ишга киришиб кета оладиган, лекин фаоллиги тушгача давом этиб, кейин аста-секин сўниб борадиган одамлар тоифаси) ва «бойқуш»ларга (эрталаб уйғона олмайдиган, инсонлар) ажратсалар-да, бу аслида шартли таснифлашдир.
Лекин, бу таснифда ҳам жон бор. Ҳар икки тоифага мансуб одамлар атрофимизда кўп.
Хўш, «бойқуш»ни «тўрғай»га айлантирса бўладими? Йўғ-е, иккаласи икки хил дунё-ку, дейишингиз мумкин. Ашаддий «бойқуш» ҳам азонлаб уйғонишга мослаша олар экан.
Стив Павлинанинг «Қандай эрта туриш мумкин?» деган мақоласи бор. Унда ёзилишича,
уйқу бўйича иккита ёндашув бор. Кўп инсонлар вақтли турмоқчи бўлса, вақтли ухлашга ҳаракат қилади. Уйқуси келмаса ҳам шунинг ҳаракатида бўлади. Иккинчи нуқтаи назар шуки, инсоннинг организми қачон ва қанча ухлаш кераклигини ўзи билади. Ушбу ёндашувга кўра, уйқу келгандагина ухлаш керак ва бунда уйқуга тўйганингиздан сўнг қўнғироқсиз ҳам ўзингиз уйғона оласиз. Стив Павлина бу икки ёндашувни бирлаштирган ҳолда шундай дейди: уйқингиз келса, дарҳол ухланг, лекин ҳар куни эрталаб аниқ бир вақтда туринг.
Кечаси кеч уйқуга ётган бўлишингизга қарамай, эрталаб белгилаган вақтингизда туришга ҳаракат қилинг. Айтайлик, тунги ўн икки-бирларгача ухлай олмадингиз. Қўнғироқни эса тонгги соат бешга қўйгансиз. Нима қилиб бўлса-да, ўша белгиланган вақтда туришга ҳаракат қилинг. Эртасига кундузи чарчасангиз ҳам сабр қилиб кунингизни ўтказинг. Бир-икки кун шундай давом этса, қарабсизки, бундан буён кечқурун соат 21-22ларда автоматик тарзда «нокаут» бўласиз — ўчасиз. Чунки вужудингизнинг ўзи унга қанча уйқу кераклигини билади ва сизни вақти бўлганда «ўчириб қўяди». Агар ҳар куни соат эрталаб 5да тураман деб ўзингизга ваъда берсангиз ва шунга ҳеч қандай муросасиз амал қилиб келсангиз, танангиз ярим кечгача ўтира олмай, сизни барвақт уйқу элтади.