3:05

Табиий косметиканинг иккинчи томони…

MP3

Ассалому алайкум. Биз аёллар бозорга ҳарид учун чиқсак оёғимиз бизни ўз ўзидан пардоз андоз дўконлари томон етаклайди. Биз ўзимизни у ерга киришдан ёки бирор пардоз буюми сотиб олишдан тия олмаймиз. Негаки биз аёлмиз. Аёллар ҳар доим ҳам гўзал кўринишни исташган, пардоз-андозни канда қилишмайди. Аммо косметика воситаларини ҳаддан ортиқ ишлатиш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Рекламаларда жарангдор янграйдиган «фақат табиий» деган иборага кўпам ишонмаган маъқул, ўша косметиканинг таркибида нималар борлигини ким билади дейсиз. Мутахассисларнинг таъкидлашича, аёл киши косметика воситаларидан фойдаланиши натижасида йил бўйи организмига 2 килодан зиёд кимёвий моддалар сингиб кетар экан. Айни пайтда косметика саноатида қўлланиладиган етмиш мингга яқин моддаларнинг атиги уч минги Европада расман тан олинган.

Косметика харид қилаётганда албатта унинг таркибида нималар борлигига эътибор қаратинг. Ривожланган мамлакатларда маҳсулотга бундай ёзувни қўйиш қатъий талаб этилади. Қуйида косметика воситалари таркибига қўшиладиган айрим моддалар билан танишинг. Хулоса чиқариш ўзингизга ҳавола. АЛКОГОЛ томоқ ва оғиз бўшлиғи саратонига учраш хавфини орттиради, АЛЮМИНИЙ эса асабийлашиш, мия фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади. БЕНТОНИТ деб аталувчи табиий минерал юз терисига мўлжалланган ниқобларга қўшилади. Бу минерал заррачалари қиррали бўлиб, терини тирнаб юбориши мумкин. Бундан ташқари, терига ҳаво ўтказмай, қуритиб қўяди. КАОЛИН ҳам худди шундай хусусиятга эга, шунингдек, зарарли аралашмалардан ҳам холи эмас. МИНЕРАЛ МОЙ ёки ТЕХНИК МОЙ нефтдан олинади, терида намликни ушлаб туриш мақсадида қўлланилади. Терингиз юмшоқ бўлса, силлиқ туюлади, ўзингизни ёшроқ ҳис қиласиз.

Аммо унутмаслик лозимки, бу мой нафақат намликни, балки тери орқали чиқиши керак бўлган заҳарли моддалар, карбонат ангидрид газини ҳам ушлаб қолади, терининг нафас олишга йўл қўймайди. Шу тариқа тери касалланади, ҳужайраларнинг ўсиши секинлашади. Техник мой қўшилган ҳар қандай маҳсулот терини қуруқ қилиб қўйиши мумкин. Рекламаларда ЛАНОЛИН моддаси «терига жуда осон сингадиган мой» сифатида мақталса-да, бу ҳалигача илмий тасдиғини топмаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ланолин терининг сезгирлигини ошириб юборади ва ҳатто, аллергия қўзғаши мумкин. ЛОРАМИД ДЕЙдан косметикада кўпиклатувчи хусусияти учун фойдаланилади. Шунингдек, ёғларни кетказа олгани учун идиш-товоқ ювишга мўлжалланган воситалар таркибига ҳам қўшилади. Лорамид дей тери ва сочни қуруқ қилиб қўяди, қичиштиради, аллергия қўзғайди.

ГЛИЦЕРИН сув ва ёғнинг кимёвий бирикишидан олиниб, кремлар ва лосьонлар таркибига қўшилади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, глицерин терининг қуруқширашига сабаб бўлар экан. Шунингдек, коллаген, липосомалар, pH, пропилен гликол, содиум лаурил сульфат, тирозин сингари қатор моддалар борки, инсон саломатлигига зарарли жиҳатлари оз эмас. «Табиий косметика» – рекламадан бошқа нарса эмас. Кўкларга кўтариб мақталган косметика воситаси таркибида нотабиий моддалар қанчадан-қанча…Шуни билган ҳолда косметик воситаларингизни жуда ҳам синчиклаб ўқиб кўриб сўнг сотиб олганингиз маъқул. Бугунги суҳбатимиз сизга фойдали бўлди деган умиддамиз. Бизнинг сайтимиз сизга яна ҳам кўпроқ маълумотларни тақдим этади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top