Салом азизлар. Ҳаёт ўзи нима? Сиз ҳаётингизни қандай кўришингиз ҳаётингизни шакллантиришини биласизми? Ҳаётни қандай таърифлашингиз тақдирингизни белгилайди. Сизнинг дунёқарашингиз вақтингизни қандай сарфлашингиз, пулингизни қандай ишлатишингиз, қобилиятларингиздан фойдаланишингиз ва муносабатларингизни қандай баҳолашингизга таъсир қилади. Бошқа инсонларни тушунишнинг энг яхши йўли улардан “Ҳаётингни қандай кўрасан” деб сўрашдир. Инсонлар қанчалик кўп бўлса, саволга шунча хил жавоб олишигиз мумкин. Менга ҳаётни цирк, кон майдони, атракцион, жумбоқ, симфония, саёҳат ва рақс деб айтишган.
Одамлар шундай дейди: “Ҳаёт юкларни ташувчи элеваторга ўхшайди: Баъзан сен юқорида, баъзан пастда ва баъзида шунчаки у ёқдан бу ёққа юриб тураверасан” ёки “ҳаёт карта ўйинидир: Сиз қўлингизга келган карталар билан ўйнашингиз керак.” Агар мен ҳаётни тасвирланг деб сўрасам, хаёлингизга қандай тасвир келади? Ўша тасвир сизнинг ҳаётингиз метафорасидир. Бу сиз онгингизда сезиб ёки сезмасдан ушлаб турган ҳаётнинг кўринишидир. Бу сизнинг ҳаёт қандай ишлаши ва сиз ундан нималар кутишингизнинг тасвиридир. Кишилар кўпинча ўзларининг ҳаёт метафораларини кийим кечак, тақинчоклар, машиналар, соч тузилиши, машиналарга ёпиштирилган расмлар ва ҳаттоки баданларидаги расмларда ифодалайдилар.
Сизнинг айтилмаган ҳаёт метафорангиз сиз уни фаҳмлаганингиздан кўра кўпроқ таъсир ўтказади. У сизнинг кутаётган нарсалар, қадрятларингиз, муносабатларингиз, мақсадларингиз ва приоритетларингизни аниқлаб беради. Масалан, агар сиз ҳаётни байрам кечаси деб ўйласангиз, сизнинг ҳаётдаги асосий қадрятингиз хурсандчилик қилишдир. Агар ҳаётни машина пойгасидек кўрсангиз, сиз тезликни қадрлайсиз ва кўпинча шошилиб юрасиз. Агар сиз ҳаётни марафондек кўрсангиз, сиз чидамлиликни қадрлайсиз. Агар сиз ҳаётни уруш ёки ўйиндек кўрсангиз, ғалаба қозониш сиз учун муҳим ҳисобланади. Сиз ҳаётни қандай кўрасиз? Сиз ҳаётингизни хато ҳаёт метафорига асослантирган бўлишингиз мумкин. Худо сизни яратишидан мақсадини бажо келтириш учун, сиз оддий доноликдан воз кечиб уни Инжилга оид ҳаёт метафораси билан алмаштиришингиз керак бўлади.
Муқаддас Калом айтади, “Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фахмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар.”(Римликлар 12:2) Муқаддас Калом Худонинг ҳаётга қарашини учта метафора билан ўргатади: Ҳаёт синов, Ҳаёт ишонч, ва Ҳаёт вақтинчалик тайинланган. Ушбу фикрлар мақсадга йўналтирилган ҳаётнинг пойдеворларидир. Ердаги ҳаёт синовдир. Ушбу ҳаёт метафораси Муқаддас Каломнинг бир қанча ҳикояларида келтирилган. Худо кетма кет инсон характерини, иймонини, итоаткорлигини, севгисини, тўғрилигини, ва содиқлигини синаб кўради. Текширишлар, васвасалар, танбеҳлар ва синовлар каби сўзлар Муқаддас Каломда 200 мартадан ортиқ учрайди. Азиз дўстим, сокин вақтингизда ҳаётингизни тасвирлаб кўришга харакат қилиб кўринг. Қаерга ва қай тарзда кетаётганингизни бошдан кечириб кўринг. Бордию, ҳаёт мақсадлари ҳақида ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.