3:11

Ёқимли бўй

MP3

Ассалому алайкум. Ёзнинг иссиқ кунларида кўпчилик аёл ва қизлар косметик воситаларни ишлатишдан бутунлай воз кечишади. Хушбўй атирларимиз эса энди тошойналар ёнидан жой олганча қолаверади. Аммо куннинг жазирамасига қарамай, севимли ифорларимиздан фойдаланишни давом эттиришимиз мумкин. Хўш, буни қандай амалга оширамиз?! Ўзимизга мос, иссиқ кунларда ҳам кўтаринки кайфият ва ёқимли хотираларни ҳадя этувчи, атрофдагиларнинг ғашига тегмайдиган енгил ёзги ифорни қандай танлашимиз лозим? Кичик қоидалар. Атирлар таркиби спиртга асосланган бўлиб,  қуёш тиғида бу воситаларни қўллаш аллергик ҳолат юзага келтиришини кўпчилик билмаса керак. Мана шундай салбий ҳолатлар юзага келмаслиги учун кийинишдан олдин атирни  баданнинг қуёш нури тушмайдиган қисмларига 10-15 см узоқликда сепиш мақсадга мувофиқ.

Агар ўзингизни  севимли ифорларингизсиз тасаввур эта олмасангиз ва ҳид узоқроқ сақланишини истасангиз, уларни ҳарир шарф ёки бўйинбоғингизга сепиб қўйинг. Шунингдек, эрталабки душдан сўнг ҳўл сочлар, тоза бадан терисига бир- икки томчи атир сепиш ва фен ёрдамисиз сочни қуритиш ҳам атирнинг узоқ вақт сақланиб қолишини таъминлайди. Ёдда тутинг! Ёғланган соч ва баданга суртилган, шунингдек, ўта ўткир ҳидли атир воситалари атрофдагиларга акс таъсир этиши мумкин. Шу туфайли асосий нуқталар: қулоқ орқаси, билак, бўйин ва кўкрак оралиғидаги нуқталарга 1-2 томчи атир суриш кифоя. Ёз учун махсус атирлар. Айрим брендлар айнан иссиқ иқлимли мамлакатларда  ёз кунлари учун мавсумий махсус косметик атирларни ишлаб чиқаришади. Бу турдаги воситалар таркибида спирт бўлмагани боис улардан бемалол фойдаланиш мумкин.

Яна бир ўйлаб кўринг. Оғир ифорлар ёз кунларида кўпчиликка хуш ёқавермаслиги ҳамда атрофдагиларнинг ғашини келтириши мумкин. Шу туфайли иссиқ кунларда бу каби атирлардан воз кечинг. Яхшиси, унинг ўрнини босувчи ясмин, лаванда ва атиргул ҳидли хушбўй сувлардан фойдаланинг. Шунингдек, цитрус ҳидли атирлар ҳам бу кунларда айни муддао. Негаки, бундай ифорлар кайфиятимизга кўтаринкилик ва енгиллик бахш этади. Кунлар исиши билан истаймизми-йўқми, терлай бошлаймиз. Аслида организмдан ажраладиган тер рангсиз ва ҳидсиз бўлиб, бизга муаммо келтирмайди. Ёқимсиз ҳид пайдо бўлишига эса терида яшовчи бактериялар сабабчи бўлади. Терлашдан бутунлай қутулиб бўлмаса ҳам уни назорат қилиш, бадбўй ҳиднинг олдини олиш мумкин. Ёз мавсумида антиперспирант, дезодорант воситаларидан тўғри фойдаланиш ҳам муҳим.

Инсон танасидан тер ажралиши тери силлиқлигини оширади, аммо тер миқдорининг ҳаддан зиёдлиги кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкин. Бадбўй ҳид пайдо бўлишига тер безлари эмас, балки танада тўпланган бактериялар сабабчи. Айнан шунинг учун ҳам жазирама иссиқда шахсий гигиенага риоя қилишни унутманг. Кунига камида икки марта — эрталаб ва кечқурун  чўмилишни канда қилманг! Ҳаммомдан сўнг эса дарҳол терлашга қарши курашувчи дезодорант ва антиперспирант воситаларидан фойдаланинг. Дезодорантлар ва антиперспирантлар тер сабабини йўқота олмайди, бадбўй ҳидларни вақтинча бартараф этади, холос. Уларнинг таркибида дезинфекцияловчи элементлар, органик тузлар, рух каби тер безларининг табиий фаолиятини ўзгартирувчи элементлар бор. Шу сабабли бундай воситалардан нотўғри ва шахсий гигиенага амал қилмасдан фойдаланиш кўплаб дерматологик салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top