Ассалому алайкум. Бугун ҳаётимиздаги курашлар ва уларнинг сабаблари ҳақида суҳбатлашишни маъқул кўрдик. Дунёнинг таниқли арбоблари: “Биз оддий инсоний муаммоларни ҳал қила олмаяпмиз, нега?” “Нима учун ўзимизнинг ким эканимизни тушуна олмаймиз?” “Биз нима учун инсон хулқини яхшилашга қодир эмасмиз?” “Нима учун ҳар бир янги авлод аввалги авлод бошдан кечирган қийинчиликларни яна бошидан кечириши керак?” каби саволларга жавоб тополмай ҳайрон. Ҳаворий Павлус эса, бу муаммолар оддий инсоний муаммолар эмас, газеталарда ёзилган, кўз билан кўриладиган нарсалар эмас, балки “ёвуз руҳий кучлар, ҳокимлару ҳокимиятлар, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронлар юзага келтирган ва таъсир қилаётган нарсалар” деб айтади. Яъни, бу муаммоларнинг келиб чиқишига зулмат салтанати сабабчи, дейди.
Сиз нима дейсиз? Баъзи одамлар руҳий ҳаётни, кўринмас кучларни бутунлай рад қилади. Худо ҳам йўқ, шайтон ҳам йўқ, дейди. Агар хоҳласангиз, сиз ҳам руҳий оламни рад қилишингиз мумкин. Лекин унда айтинг-чи: шунча пайғамбарлар адашган бўлиши мумкинми? Мавлоно Исо (а.с.) нинг айтган гаплари ёлғонми? Имон йўлида юрган минглаган одамлар адашиб юрибдими? Ҳатто имонга кирмаган, лекин мулоҳаза қиладиган, ақл билан иш тутадиган олимлар ҳам руҳий дунёни бор, деб айтишяпти. Руҳий дунё йўқ, дейдиган одамда эса, ҳеч қандай далил ёки исбот йўқ. Бундай одамлар кундалик ҳаётда учрайдиган ва учраётган муаммоларни еча олмайди. Бу ҳақдаги саволларга жавоб ҳам бера олмайди. Одамзот қадимдан қалбни яхшилашга ҳаракат қилиб келган.
Лекин бу ишлар, агар фақат инсоний ҳаракат билан қилинадиган бўлса, инсонга суяниш орқали қилинса, беҳуда кетади. Беҳуда кетгандан кейин, бунинг охири, албатта тушкунлик, умидсизлик. Бу ҳақда ёзилган китоблар ҳам кўп. Масалан, Ҳ.Г.Уэллс деган ёзувчи бундан 10-15 йил олдин, инсон ўз-ўзини яхшилай олади, деган назария тарафдори эди. Лекин йилдан-йилга унинг умиди пучга чиқди. Ўлими олдидан ёзилган охирги китобидан эса унинг қанчалик умидсиз қолганини кўришингиз мумкин. Яна бир гуруҳ одамлар борки, ижобий руҳий ҳаётнинг мавжудлигига ишонишади, лекин салбий руҳларни инкор этишади. Яъни, Худонинг ва балки фаришталарнинг ҳам борлигига имон келтиришади, лекин шайтонни, ёмон руҳларни йўқ дейишади. Жаннат бор, лекин дўзах йўқ, дейдиганлар ҳам кўп. Нима деб ўйлайсиз, бундай фикрлаш мантиққа тўғри келадими? Каломда Худо ҳақида ёзилган. Лекин Калом шайтон ҳақида ҳам гапиради.
Ҳазрати Масиҳ ва ҳаворийлар тарихини ўқисангиз, уларнинг Худо ҳақида гапирганини кўрасиз. Лекин улар шайтоннинг борлиги ҳақида ҳам айтишган. Шундай эмасми? Биз
Худонинг Шоҳлиги бор, деб айтамиз. Агар Худонинг Шоҳлиги бор бўлса, демак
бошқа бир руҳий подшоҳлик ҳам бор. Нима дедингиз? Худонинг Руҳини биз нима деб атаймиз? Муқаддас Руҳ деб. Агар бу Руҳ муқаддас бўлса, демак муқаддас бўлмаган руҳлар ҳам бор экан-да! Ё бўлмаса, Муқаддас Китобдан ўзимизга ёқмаган жойларни олиб ташлаймизми? Агар бундай қилаверадиган бўлсак, Каломдан нима қолади? Бизнинг ҳаётимизни белгилайдиган, йўлга соладиган, бошқарадиган нарса Худонинг Каломи эмасми? Ё биз ўзимизга ўзимиз хўжайинмизми? Агар Худонинг Каломига бўйсунмайдиган бўлсак, у ҳолатда шайтоннинг бор-йўқлиги ҳам иккинчи даражага ўтиб қолади. Сиз итоат йўлидамисиз ё исён йўлидами? www.najot.com сайти ушбу саволларга жавоб беради.