Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Муқаддас Калом Худога бўйсунган, Унинг улуғворлиги учун ҳаётини бағишлаган инсонлар ҳақида сўзлайди. Шундай инсонлардан бири ҳаворий Павлусдир. Ҳаворий Павлус охирги мактубини ўлимидан бир неча ҳафта олдин ёзган бўлса керак. Калом шундай дейди: “Мен ҳадемай бу дунёдан ўтиб кетаман, жоним Худога қурбон” (2Тим. 4:6) Агар унинг ҳаётида бўлган воқеаларга қарасак ва бу мактубни ёзишига сабаб бўлган вазиятларни ҳисобга оладиган бўлсак, охирги мактуби жуда қадрли. Сабаби, бу мактубни ёзгунига қадар у Римда қамоқда эди. Эсингизда бўлса, Ҳаворийлар 23 боб 11 оятда Павлус Римга бормоқчи эканини ёзган эди. “Ўша куни тунда Павлуснинг олдига Раббимиз Исо келиб, шундай дейди: “Дадил бўл! Сен Қуддусда Мен учун гувоҳлик берган эдинг, энди Римда ҳам гувоҳлик беришинг керак.” Ўша даврга назар ташлайдиган бўлсак, Рим — Империянинг пойтахт шаҳри бўлган.
Narrator 2 Павлус Римга борадиган бўлса унга берилган топшириқни, яъни маъжусийларга ҳам хушхабарни етказиш вазифасини бажара олишини биларди. Ҳаворийлар китобининг охирги бобида Павлуснинг Римга етиб боргани ҳақида ўқиймиз. 28 бобнинг 30 оятида эса у ижарага олинган уйда икки йил яшагани ёзилган. “Павлус ижарага олган уйида икки йил яшади ва уни кўргани келган ҳаммани қабул қилди. У жасорат билан Худонинг Шоҳлиги ҳақида ваъз айтиб, Раббимиз Исо Масиҳ тўғрисида таълим берди. Ҳеч ким буни таъқиқлашга уринмади.” Ўша уйда яшаб у Хушхабарни тарғиб қилиш учун астойдил ҳаракат қилди. Ўша пайтда нафақат яҳудийлар, балки Римда яшаб турган бошқа халқ вакиллари ҳам Масиҳни Нажоткор деб қабул қилишди. Павлус Рим Империясининг ҳар бир бурчагига етиб борадиган даражада Хушхабар уруғларини экаётган эди. Павлуснинг Римга боришдан мақсади ҳам шу эди.
Narrator 1 У яшаган уйнинг олди одамга тўлиб кетганини тасаввур қилинг. Унинг олдига келган одамларнинг баъзилари чуқур ўйга толиб, яна баъзилари хурсандчилик билан чиқиб кетганлар. Павлус Хушхабар айтган жойларнинг деярли барчасида қаттиқ қаршиликларга учраган. Айниқса, Яҳудийлар унинг бу ишини тўхтатишга кўп бора ҳаракат қилганлар. Аммо Римда бошқача бўлди. Рим турли миллатли шаҳар эди. Рим Яҳудий уламоларининг тайзиқидан узоқдаги шаҳар бўлгани сабаб, Хушхабар тезроқ ёйиларди. Бу эса Павлусга хурсандчилик берарди, чунки у Раббимиз берган топшириқни бажараётган эди-да. Биз Рим ҳукмдорларининг бу воқеаларга муносабатини билмаймиз, аммо тахмин қилишимиз мумкин. Одамлардан ҳоли бўлганида эса Павлус мактуб ёзган. Янги Аҳдга киритилган китобларнинг кўпчилигини Павлуснинг қўли билан ёзилган мактублар ташкил қилади.
Narrator 2 Тарихий манбааларга кўра, у бу мактубларнинг кўпчилигини қамоқда бўлганида ёзган. Ҳаворий Павлуснинг мактублари Римдан туриб ёзилганига тарихий далиллар мавжуд. Павлус ёзган мактубларнинг охирида шундай маълумот келтирилган. Хуллас, Павлуснинг охирги мактуби ўғлидай бўлиб қолган шогирди Тимўтийга ёзилган эди. Тимўтий тоза яҳудий эмас эди. Унда Юнон қони ҳам бор эди. У Листра шаҳридан бўлиб, Павлус Тимўтийнинг ўзининг биринчи хизмат сафари чоғида танишган эди. Унинг оиласи ҳам Масиҳнинг Нажоткорлигига имон келтирган эди. У Павлус билан бирга 17 йил давомида Ўрта Ер денгизи бўйлаб саёҳат қилди. Павлус қамоқдан чиқарилганидан кейин, у Тимўтийни маҳсус хизмат билан Эфес шаҳрида қолдирди. Аммо тезда Павлусни яна қамоққа олишди.