Ассалому алайкум. Биз аёллар фарзандларимизнинг келажаги, уларнинг Худо йўлида тўғри юриши бизнинг уларга қанчалик даражада Худо Каломини ўргатганимизга ва уларни тўғри ва ҳақиқат йўлига бошлашимизга боғлиқ. Биз меҳрибон ва жонкуяр она сифатида фарзандларимиз учун ибодат қиламиз. Уларнинг хатоларини кечирамиз ва Худодан ҳам кечиришини ва тўғри йўлга бошлашини сўраймиз. Эзра деган пайғамбар ҳам Худовандга халқнинг гунохларини кечиришни сўраб ибодат қилган эди. Эзра пайғамбар шундай деб ёзади: “Кечки қурбонлик пайтида мен ҳамон изтироб чекканимча ўтирган ўрнимдан турдим. Кўйлакларим ва ридоим йиртилган ҳолатда тиз чўкдим. Эгам Худога қўлларимни чўзиб, ёлвордим: “Эй Худойим! Қаттиқ хижолатдаман, ҳузурингда бошимни кўтаришга ботинолмайман. Эй Худойим!
Айбларимиз бошимиздан ҳам ошиб кетган, гуноҳларимиз тоғдай уйилиб, осмону фалакка етган. Ота – боболаримиз давридан шу кунгача биз гуноҳга ботиб келдик. Айбларимиз туфайли Сен бизни, шоҳларимизни, руҳонийларимизни бошқа юртларнинг шоҳларига мағлуб қилдинг. Улар бизни ўлдиришди, талон–тарож қилишди, асир қилиб олиб кетишди, худди ҳозиргидай, биз шармандали аҳволга тушдик.
Энди эса, эй Эгамиз Худо, сен қисқа вақт давомида бизга шафқатингни кўрсатиб, бизни омон сақладинг, муқаддас масканинг олдига жойлаштирдинг. Бизга умид бердинг, қуллигимизда озгина бўлса ҳам, ҳаловат ато қилдинг. Эй Худойимиз, биз қул бўлсак ҳам, Сен бизни тарк этмадинг. Бизга марҳамат кўрсатиб, Форс шоҳининг илтифотига сазовор қилдинг. Бизга янги ҳаёт ато қилдинг, уйингни қайта қуришимизга, уни тиклашимизга имконият бердинг, Яҳудо юртида ва Қуддусда бехатар яшашимизга имконият яратдинг.
Эй Худойимиз, энди нима ҳам дердик?! Буларнинг ҳаммасидан кейин ҳам биз амрларингга риоя қилмадик. Сен пайғамбар қулларинг орқали шундай амр берган эдинг:
— Сизлар эгалик қилиш учун кираётган бу юрт маҳаллий халқларнинг бутпараст удумлари туфайли ҳаром бўлган. Халқлар жирканч одатлари билан бутун юртни у бошидан бу бошигача булғадилар. Шунинг учун уларга қиз узатманглар, ўғилларингизга уларнинг қизларини олиб берманглар. Уларга ҳеч қачон тинчлик ва фаровонликни раво кўрманглар. Шундагина сизлар кучли бўласизлар, юртнинг аъло ҳосилидан еб, роҳатланасизлар, бу юртни болаларингизга абадий мерос қилиб қолдирасизлар.
Бошимизга тушган ҳамма кўргиликларга қилган қабиҳ ишларимиз, ўзимизнинг айбларимиз сабаб бўлди. Эй Худойимиз, шунга қарамай, сен бизни қилмишларимизга яраша жазоламай, оз жазоладинг, айримларимизни омон сақладинг.
Сенинг олдингда туришга ҳақимиз йўқ, лекин мана, айбларимиз билан олдингда турибмиз.” Эзра Худонинг уйи олдида ўзини ерга отиб йиғлаганича, гуноҳларни эътироф этди. У Худога илтижо қилаётганда, атрофига Исроилдан катта жамоа — эркагу аёл, болалар йиғилишди. Халқ ҳам аччиқ–аччиқ йиғларди. Шунда халқ Эзрага шундай дея мурожаат қилди: “Биз маҳаллий халқларнинг бутпараст аёлларига уйланиб, Худойимизга бевафолик қилдик. Лекин шунга қарамай, биз, Исроил халқи учун ҳали ҳам умид бор! Келинг, Худойимиз билан аҳд қилайлик. Бизда ҳам қандай ҳолат юз бермасин, Худованд бизни ташлаб қўймайди. Гуноҳларимизни тан олиб унинг олдида астойдил тавба қилсак, У бизни кечиради. Муҳими қалбимиз ва мақсадимиз тўғри бўлса бас. www.najot.com сайти сизга Худовандни тўғри билишингизга ва у билан тўғри муносабат ўрнатишингизга ёрдам берадиган маълумотларни тақдим этади.