2:59

Интервьюда ўзини тутиш

MP3

Ассалому алайкум. Аёл оилавий сабабларга кўра кўп марта ишидан бўшашига ва кейин бошқа иш топишига тўғри келади. Ҳар сафар ишга киришдан олдин эса иш берувчи билан суҳботлашишига тўғри келади. Шуни назарда тутган ҳолда бугунги суҳбатимизда интервью пайтида эътиборга олиш керак бўлган баъзи нарсаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Суҳбатлашувнинг энг ноқулай пайти иш ҳақи масаласини муҳокама этиш. Бундай вазиятда одам ўзини қандай тутгани дуруст? Ишга талабгорларнинг деярли барчаси суҳбатлашув асносида иш ҳақи миқдорини муҳокама қилиш фурсати келганда ҳижолатга тушадилар. Кўпчилик менга муайян суммани таклиф этишади деб кутади. Бироқ суҳбатлашувда кўпинча талабгордан маошингиз қандай бўлишини чамалаётирсиз, аниқ суммани айтаверинг деб сўраб қолишади.

Мен аслида юқорироқ маошга лойиқ бўлгани ҳолда камроқ миқдордаги иш ҳақини айтиб юборган одамларни биламан. Шу сабабли, бир неча маслаҳат берган бўлур эдим. Энг аввало, шуни билиш зарурки, иш ҳақини муҳокама этиш ҳар қандай талабгорнинг ҳуқуқи бўлгани сабабли ҳам амалда ҳар бир суҳбатлашув бу жиҳатни ўз ичига олади. Шундай экан, номзод бу масалада бир оз муддат камтарликни йиғиштириб қўйиб мўлжалидагини айтиши керак. Сумма қанча бўлишини айтиш ҳам муҳимдир. Компания тўғрисида ахборот изланаётганда ташкилотларнинг рақобат муҳитини ҳам кўриб қўйиш керак. Рақобатчи компанияларда айни шу ва шунга ўхшаш лавозимлардаги мутахассислар қанча иш ҳақи олаётганлигини аниқлаш айни муддаодир. Ишга жойлашув билан боғлиқ сайтларга кириб кўриш, ошна-оғайнилар, таниш-билишлардан суриштириб кўриш керак.

Ҳар бир ходим ўзининг «баҳоси»ни олдиндан белгилаб олмоғи зарур. Табиийки, бунда тажриба, билим, маҳоратдан келиб чиқиб баҳони холисона тарзда белгилаш лозим. Йирик лойиҳаларда иштирок этганлик, профессионал сертификатлар, иш асносида орттирилган мижозлар доираси, бошқарув фаолияти тажрибаси, қўшимча профил маълумотлар, тавсияномалар ходим сифатида «баҳоингиз»ни оширади. Энг муҳими, тарозу палласига тошни ортиқча қўйиб юбормаслик, ва ишга ёллаётганни чўчитиб юборадиган суммани айтиб юбормаслик керак. Талабгорнинг ўзи ҳам саволлар бериши мумкинми? Агар шундай бўлса, унинг қандай саволлар бериши ўринлидир? Талабгорнинг ҳам савол бериши ўринли ҳисобланади. Ҳар қандай билимдон, тажрибали суҳбатдош ўзини қизиқтирган ҳамма нарсани билиб олгач, талабгордан саволлари бор-йўқлигини сўраши шарт.

Дилингизда таклифни қабул қилишга рози бўлган тақдирингизда ҳам, қизиқаётган саволларни сўрашдан тортинманг. Табиийки, саволлар мавзу доирасида, бинобарин ташкилотнинг ўтмиши, фаолияти, иш тартиби, мўлжалланаётган лавозимга тааллуқли мажбуриятлар, синов муддати, иш ҳақи билан боғлиқ, ижтимоий йўналишдаги саволлар бўлмоғи керак. Энг муҳими шуни унутмаслик керакки, мазкур суҳбатлашув иш берувчи сиз ҳақингизда кўпроқ нарсани билиши ва сизни ишга қабул қилиши учунгина эмас, балки сиз учун бу иш, бу компания мос, қизиқарли эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳам керакдир.Иш берувчига маъқул келганлигингизни қандай билиш мумкин. Суҳбатлашув асносида кўпинча суҳбатдош одоб қоидаларини сақлаб, суҳбатни очиқ чеҳра билан олиб боради ва сиз билан боғланишга ваъда беради. Ҳар қандай ҳолатда ҳам руҳни туширмаслик ва ўзига бўлган ишончни йўқотмаслик керак.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top