«Чунки бизнинг курашимиз ўткинчи башарга қарши эмас, балки самовий оламдаги ёвуз руҳий кучларга, ҳокимлару ҳокимиятларга, бу қоронғи дунёни бошқараётган руҳий ҳукмронларга қаршидир”. (Эфес. 6:12) Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Угандадаги йирик жамоатлардан бирининг қавмбошиси Кефе Семпангини, то мамлакатдан чиқиб кетмагунча, золимона ўч олишга таҳдид қилиб қўрқитишди ва бир неча бор унинг ҳаётига суиқасд уюштиришди. 1973 йили Фисиҳнинг биринчи куни махфий полициячиларнинг қўлига тушганда, ҳаётдан ажралиб қолишига сал қолди. Махфий полиция қотилларини диктатор Иди Амин Нубиийдан ёллаб олган эди. Узоқ давом этган ибодатдан сўнг қавмбоши Семпанги кийимини алмаштиришга ичкари хонага кирди.
У шунақанги чарчаган эдики, унинг кетидан кирган беш нафар номаълум кишиларни пайқамади ҳам. “Узоқдаги жабр-зулмлар” номли китобида ҳодисалар ривожини Семпанги шундай тасвирлайди:
«“Биз сени ўлдирамиз, — деди босқинчиларнинг бошлиғи Семпангининг юзига милтиқни тираб. Қолган бандитлар уни ўраб олишди. – Агар ўлиминг олдидан айтадиган сўзларинг бўлса, гапир!” “Мен аллақачон йўқман, — худди четдан янграгандай ўз овозини эшитди Семпанги, — мен ўз руҳимни Масиҳга топширганман. Лекин сизларнинг руҳингиз хав-хатарда; сиз ўз гуноҳларингизда ўликсизлар. Сизлар мени ўлдирганингиздан кейин, Худо сизга раҳм-шафқат қилишини ва абадий ўлимдан қутқаришини сўраб ибодат қиламан”.
Босқинчиларнинг бошлиғи қуролини туширди ва қолган бандитларга ҳам шундай қилишни буюрди. “Биз учун ибодат қиласанми?” – сўради у. “Ҳа”, — деб жавоб қилди Семпанги.
Ҳаммалари биргаликда ибодат қилиш учун тиз чўкишди. “Самовий Ота… Сен олдин ҳам одамларнинг гуноҳини кечириб келгансан, ҳозир ҳам бу одамларнинг гуноҳини кечиргин. Бу одамларни гуноҳда ўлишига йўл қўйма, уларни Ўз бағрингга олгин”.
Новчадан келган бошлиқ биринчи бўлиб гапирди.
“Сен бизга ёрдам қилдинг, — деди у, — биз ҳам сенга ёрдам қиламиз. Команданинг бошқа аъзолари билан гаплашиб қўямиз. Ўз ҳаётингдан хавотир олма, ҳаётинг бизнинг қўлимизда, биз сени ҳимоя қиламиз”». Жуда қизиқ гувохлик, шундай эмасми? Бордию, сизда ҳам қизиқарли хикоялар ёки гувоҳликлар бўлса, уларни dilkashradio телеграм каналимизга йўлланг. Сизга олдиндан ташаккур билдирамиз.
Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.