2:36

Қамоқда ётганимни эсдан чиқарманглар

MP3

“Мен билан бирга қамалган Аристарх ва Барнабонинг жияни Марк ҳам сизларга салом йўллаяптилар. Марк ҳақида буйруқ олгансизлар; агар олдингизга борса, уни яхши қабул қилинглар. Юстус лақабли Исо ҳам сизларга салом йўллаяпти. Худонинг Шоҳлиги йўлида меҳнат қилаётган булардан бошқа яҳудий ҳамкорларим йўқ. Улар менга юпанч бўлиб келмоқдалар. Исо Масиҳнинг қули, ҳамшаҳарингиз Эпафрас сизларга салом йўллаяпти. Сизлар Худога маъқул бўлган ҳамма нарсани бажарувчи етук, ишончи комил кишилар бўлиб оғишмай туринглар, деб Эпафрас зўр ғайрат билан, тинмай ибодат қилмоқда. У сизлар учун ҳамда Лаодикия ва Иераполь шаҳарларидаги Масиҳ жамоатлари учун не-не заҳматлар чекканига ўзим шоҳидман. Севимли табиб Луқо ва Димас сизларга салом йўллашяпти. Мен, Павлус, ўз қўлим билан бу дуойи саломни ёзяпман. Қамоқда ётганимни эсдан чиқарманглар!” (Колос. 4:10-14) Ассалому алайкум.

Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Таъқиб қилинувчи жамоатларнинг масиҳийлари мунтазам равишда қамоқдаги биродар ва сингилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бориб кўриб турадилар. Қолаверса, асирликда бениҳоят зарур бўлган озиқ-овқатларни доимо етказиб беришади. Кўплаб манбаларга биноан, бу имонлилар қисқа фурсатлик кўришувдан сўнг қамоқхона ёки лагерь четига чиқиб, баланд овозда куйлашар экан. Хитой тилидан таржима қилинган мана шундай қўшиқлардан бирини эътиборингизга хавола этаман:

Ўрмон, гулу даладан йироқда,

Қафасга қамалган кичик қушчаман.

Сен учун Раббий, бандиликда мен.

Кун бўйи юрагимни Сенга очиб,

Қўшиқ айтиб, шодланаман мен.

Учишни истаган қанотларимни Сен,

Самоларда тутиб турасан тоабад.

Қўшиқларимга қулоқ тут, айтишим зарур –

Сенинг улкан севгинг менда жўшиб куйлайди;

Сенинг севгинг қулиман, ундан кета олмайман.

Қамоқнинг азобларини ким тушуна олади?!

Лекин Раббий севгиси уни марҳаматли қилади;

Раббий, Сен ҳозирлаган йўлни,

Мен жуда яхши кўраман.

Сен яратган барча мавжудот,

Сенинг ажойиб севгингни куйлар.

Ушбу қўшиқ қамоқхонадаги масиҳийга аталган эди. Маҳбус қоронғу хонада юқоридан янграётган бу қўшиқни тинглар экан, унинг қалб торлари нола чекди, кўзларидан эса қувонч ёшлари оқди. Азизлар, бордию сизларда ҳам қизиқарли ҳикоялар ёки гувоҳликлар бўлса, уларни Дилкаш Радио телеграм каналига йўлланг. Сизга олдиндан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top