“…Ва укамиз Тимўтийни сизнинг олдингизга юборишга қарор қилдик. Тимўтий Масиҳ Хушхабарини тарғиб қилишда бизнинг ҳамкоримиз ҳамда Худонинг хизматкоридир. У сизларни имонда мустаҳкамлаб, руҳлантиради, токи бу қайғулар билан яна бирортаси йўлдан тойиб кетмасин. Тақдиримиз қайғули эканлигини ўзларингиз биласизлар. Биз ёнингизда бўлганимиздаёқ, биз учун қайғусизлик бўлмайди, деб сизларга таъкидлаган эдик. Билганингиздек, худди шундай бўлди. Шунинг учун мен ортиқча сабр қилолмай, мабодо васвасачи сизларни йўлдан оздирмадими, меҳнатимиз беҳуда кетмадими, деб имонингизнинг аҳволини билиш учун укамизни юбордим”. (1 Сал 3:2-5) Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Касби шифокор бўлган Хитой масиҳийларидан бирининг ҳикоя қилишича, у Масиҳни севганлиги туфайли Мао образига бош уриб сажда қилишдан воз кечган. Уни ўлгудек дўппослашди. Шунда ҳукумат аъзолари айёрлик билан иш тутишди. Шифокорнинг ёнига унинг қариндош-уруғларини келтириб ташлашди. Улар шифокорни ўраб олишди. Мана унинг тарихи: «Менинг еттита фарзандим ва хотиним бор. Уларнинг ҳаммаси менинг атрофимда туришибди. Хотиним ҳўнграб йиғлаб менга деди: “Агар сиз Маога сажда қилишга рози бўлмасангиз, сизни ўлдиришади, кейин биз нима қиламиз?” Оила аъзоларим уч кечаю уч кундуз атрофимда йиғлаб туришди. Хотинимнинг кўзлари аччиқ ёшлардан яллиғланиб кетди. “Сиз ўлиб қолсангиз, болаларингизнинг тақдири нима бўлади? Илтижо қиламан, оилангиз учун сажда қилинг!” Улар йиғлайверишди, йиғлайверишди. Мен нима қилиш кераклигини билмасдим. Ва ниҳоят, мадорсизланиб мен зорландим: “Раббий, қулингга ёрдам бер. Айт, мен қандай йўл тутай?” Учинчи куни менга Раббийнинг жавоби етиб келди: “Агар ким Менинг ҳузуримга келса-ю, ўзининг ота-онаси, хотини, бола-чақаси, ака-укаси, опа-сингиллари ва ҳатто ўз жонидан кўнгил ўзмаса, у Менинг шогирдим бўлолмайди” (Луқо 14:26). Худонинг кучсиз сўзлари бўлмайди. Эгам Ўз сўзлари билан менга жон киргизди ва Ўз кучи билан мени тўлдирди. Мен хотинимга дедим: “Йиғлашни бас қилгин. Кўз ёшлар билан иш битириб бўлмайди. Раббийнинг шогирди сифатида мен У учун ўлимга тайёрман!” Эрталабки текширувда менга яна сажда қилишни мажбурлашди, мен эса масиҳийман деб жавоб бердим. Майли, мени ўлдиришсин, аммо мен бутларга сажда қилмайман дедим. “Агар сен бугун сажда қилмасанг, унда бугун сени ўлгунингча урамиз, кейин кўрамиз куч ва қудрат кимнинг қўлида экан!”
Албатта мен сажда қилмадим, ана шунда улар мени яна дўппослашга тушдилар. Раббим мени ташлаб қўймади, аммо Пилатнинг ҳовлисида Исони уришганидагига ўхшаш ҳис-туйғуни бошимдан кечиришимга тўғри келди. Ўшанда ҳеч ким Раббийга раҳми келмаган эди. У Ўз ҳаётини бизга бағишлади. Раббий учун беришни истамаган бизнинг бирор бир нарсамиз бормикан? Олдинига мени уриб полга йиқитишди, сўнгра арқон билан тортиб “молхонага” олиб киришди, сўнгра қаттиқ қилиб боғлаб оёғимни тепага қилиб осиб қўйишди. Хушимдан кетгунимча роса уришди, сўнгра дазмолларни қиздириб, юзларимга галма-гал босишаверди. Кейинги кун озодликдаги одамларнинг у ёқдан–бу ёққа алланимадан ҳавотирланиб югуриб юрганларига аҳамият бердим. “Қизиқ, нима бўлди экан!?” – ўйладим мен. Менга сўзлаб беришларига қараганда, мен кабинетдан чиқишим биланоқ бошлиқнинг оёқлари ўз-ўзидан оғриб, шишиб кетибди. Бироқ оёқдаги қора яралар шиддат билан кўпайиб, бир кундан кейин у оламдан ўтди. Мана, нима учун мени кечаси чақиртиришмаган экан». Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.